Тошкентда Ўзбекистон тўқимачилик ҳафталиги — “Global Textile Days”бўлиб ўтмоқда. У иккита халқаро кўргазма ва мазмунли ишбилармонлик дастурини ўз ичига олади. Кўргазма “Iteca Exhibitions” томонидан ташкил этилган бўлиб, пойтахтдаги "Ўзэкспомарказ"нинг барча павильонларида ўз ўрнини эгаллади.
Сўнгги йилларда Ўзбекистон Марказий Осиёнинг тўқимачилик ва мода саноати марказига айланиш мақомини тобора мустаҳкамламоқда. Ишлаб чиқаришни замонавийлаштириш ва экспортни кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
“Бугун биз тўқимачилик саноатида технологияларни янгилаш ва автоматлаштириш бўйича катта ишлар амалга оширилаётганига гувоҳ бўлмоқдамиз”, — деди Тўқимачилик ҳафталигининг очилишида "Ўзтўқимачиликсаноат" уюшмаси раисининг ўринбосари Муҳаммад Жуманиёзов.
“Global Textile Days” бирлашган кўргазмасида 22 та мамлакатдан, шу жумладан, Россиядан, 250 тадан ортиқ компания ва брендлар иштирок этмоқда.
Тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноати учун ускуналар ва технологияларнинг 16-Марказий Осиё халқаро кўргазмаси “CAITME 2025” анъанага кўра соҳа мутахассисларининг тўлақонли мулоқоти учун ажойиб майдон бўлди. Бу ерда соҳа учун ихтисослаштирилган ускуналарнинг йирик ишлаб чиқарувчилари ўзларининг энг сўнгги янгиликларини намойиш этдилар.
Россиянинг “Stylon” компанияси тикувчилик ва тўқимачилик корхоналари учун автоматлаштирилган бошқарув тизимини ишлаб чиқиш ва жорий этиш билан шуғулланади ҳамда ягона ахборот муҳитида корхонани бошқариш масалаларини ҳал қилиш имкониятини тақдим этади.
“Ўзбекистон билан ҳамкорлигимиз бошланганига беш-олти йилдан ошди. Биринчи фабрикаларимиздан бири Тошкентда жойлашган “Twins Textile”эди. Бугунги кунда Ўзбекистонда бешта фабрикамиз мавжуд. Улар ишлаб чиқаришнинг ички жараёнларини бошқариш учун бизнинг дастурий таъминотимиздан фойдаланишади. Бугунги кунга келиб, дастурий маҳсулотимизни ўзбек тилига таржима қилдик, бу ҳам ёрдам беради, чунки интерфейс ичида турли тилларга осонликча ўта оламиз,бу тизимда ҳар қандай тилни биладиган ходимнинг ишлашига имкон беради”, - деди Константин Кривошеин, “Stylon” компанияси бош директори.
Бу йил "TextileExpo Uzbekistan Куз 2025" тўқимачилик ва тикувчилик саноати халқаро кўргазмаси ўзининг 25 йиллигини нишонламоқда. Шу давр мобайнида кўргазмада 41 та мамлакатдан 3500 тадан ортиқ компания иштирок этган ва унинг экспозициясини 126 мингдан зиёд мутахассис томоша қилган.
Кўргазма экспозицияси тўқимачилик ва енгил саноатнинг бутун қамровини ўз ичига олади: йигирилган ип, матолар, тўқимачилик ва ипакдан тортиб уй текстили маҳсулотлари, пайпоқ-қўлқоп буюмлари, бўёқлар, кимёвий моддалар, аксессуарлар, пойабзалгача, шунингдек, босма ва қадоқлаш соҳасидаги ечимларни ҳам қамраб олади.
Кўргазма иштирокчиларидан бири Беларусь "Моготекс" компанияси бош директорининг тижорат бўйича ўринбосари Андрей Певень. У Ўзбекистондаги кўргазмаларда мунтазам равишда қатнашиб келмоқда.
“Ўзбекистон билан кўп йиллик ҳамкорлигимиз бор - бу куч тузилмалари учун газламалар, махсус кийим-кечак, уй текстили каби маҳсулотларимизни экспорт қилиш, шунингдек, импорт қилиш бўйича ҳам. Биз ўз газламаларимизни ишлаб чиқаришда сифатли ўзбек хомашёсидан фойдаланамиз: йигирилган ип, аралашйигирилган ип, полиэфир, пахта ва пахтадан йигирилганип. 2022 йилдан бери йилига икки марта доимий равишда кўргазмаларда иштирок этамиз”, - деди у.
"Global Textile Days"нинг муҳим қисми бўлган ишбилармонлик дастурининг асосий мавзуси “Марказий Осиё ишлаб чиқариш маркази сифатида: глобал таҳдидларга бардошлилик”дир.
"Global Textile Days" уч кун давом этиб, 11 сентябрь куни якунланади.
Батафсил - Sputnik видеосида.