Олий таълим, фан ва инновациялар вазирининг барча ўринбосарлари ишдан олинди

Улар таълимдаги ислоҳотлар мазмунини тўлиқ тушуниб етмагани учун ишдан олинди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 9 сен – Sputnik. Ўзбекистон олий таълим, фан ва инновациялар вазирининг барча ўринбосарлари ишдан олинди. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев раислигида мактабгача ва мактаб таълими соҳасидаги ислоҳотлар ижроси ва келгусидаги устувор вазифалар юзасидан видеоселектор йиғилишида маълум қилинди, дея хабар берди президент матбуот котиби.
Давлат раҳбарининг сўзларига кўра, мактабгача ва мактаб таълимида ўзгаришлар бўляпти, дастурлар ишлаяпти, натижалар бор, бироқ касб-ҳунар ва олий таълимга масъул мутасаддилар ҳалигача таълимдаги ислоҳотлар мазмунини тўлиқ тушуниб етгани йўқ.
“Шу боис олий таълим, фан ва инновациялар вазирининг барча ўринбосарлари – биринчи ўринбосар Шохруҳ Далиев, ўринбосарлар Отабек Маҳкамов ва Сарвархон Бузрукхонов ишдан олингани эълон қилинди”, - дейилган хабарда.
Шунингдек, президент фармони ва қарори билан Президент администрацияси ҳузуридаги Таълим сифатини таъминлаш миллий агентлиги директори Адхам Худайкулов бошқа ишга ўтиши муносабати билан ҳамда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳузуридаги Инновацион ривожланиш агентлиги директори Шароф Ражаббаев лавозимидан озод этилди.
Эндиликда мактабгача ва мактаб таълими ҳамда олий таълим, фан ва инновациялар вазирлари, уларнинг ўринбосарлари, ҳокимлар превентив ва проактив ишлашга ўтиб, таълимнинг барча йўналишларида катта ўзгариш қилиши шартлиги кўрсатиб ўтилди.
Янги стипендия, миллий ғоя, танлов: таълим тизими қандай ривожлантирилади