ТОШКЕНТ, 5 сен – Sputnik. Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 3 сентябрда қабул қилинган 559-сонли қарорига кўра, ер участкаларини онлайн-аукцион орқали реализация қилиш жараёнида қатор қўшимча чора-тадбирлар жорий этилмоқда.
Жумладан, 2025 йил 5 сентябрдан бошлаб олис ва чўл ҳудудлардаги ёшлар саноат ва тадбиркорлик зоналаридаги бўш ер участкалари “1 сўм” харид қийматида электрон онлайн-аукцион орқали сотувга қўйилади.
Бу каби зоналарнинг рўйхати Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва халқ депутатлари вилоятлар кенгашлари қарорлари асосида тасдиқланади.
Шунингдек, қарорга мувофиқ, кўп квартирали турар жойлар қурилиши учун "E-auksion" орқали сотиб олинган ерларда лойиҳаолди ҳужжатларини тайёрлаш — 15 кун, лойиҳа ишларини амалга ошириш — 2 ой, қурилишни бошлаш — 3 ой муддатда бажарилиши белгиланди.
Белгиланган талаблар бажарилмаса, ер участкалари давлат захирасига қайтарилади ва такроран савдога чиқарилади.
Ер участкаларида қурилиш ишларини бошлаб, фойдаланишга топширигунга қадар бўлган жараёнларнинг барча босқичларини “Онлайн маҳалла” электрон платформасида мониторинг этилади.
Қурилиш ишларини бошлаш, кредит маблағларининг ажратилиши, инфратузилма тармоқларига уланиш ва лойиҳани фойдаланишга топшириш жараёнида юзага келадиган масалалари электрон платформага киритилган кундан бошлаб ўн беш кун муддатда бартараф этилмаган тақдирда, муаммоли масалалар тоифасига ўтказилади ҳамда туман (шаҳар) ҳокимликлари томонидан муҳокама этиб борилади.
Ҳужжатда қайд этилишича, агар суд қарори билан ер участкасига бўлган ҳуқуқ бекор этилса, ер такроран сотилгандан тушган маблағ ҳисобидан, ерга бўлган ҳуқуқи бекор қилинган шахсга унинг тўлаган пули қайтарилади.