ТОШКЕНТ, 5 сен – Sputnik. Сенатнинг ўнинчи ялпи мажлисида Ўзбекистон бош прокурори Ниғматилла Йўлдошевнинг ҳисоботи эшитилди.
Бошқа масалалар қаторида бош прокурор прокуратура ҳодимлари 2024 йилда аниқлаган ҳуқуқбузарликлар ва кўрилган чоралар тўғрисида ҳам айтиб ўтди.
Жумладан, камбағаллик реестрига киритилмасдан қолган 5274 та оила рўйхатга қўйилиб, давлат ижтимоий ҳимоясига олиниши таъминланди, шу билан бирга, асоссиз рўйхатга олинган ва муҳтож бўлмаган 20129 та оила реестрдан чиқарилди ва шу билан уларга ҳар ойда 32 миллиард сўм нафақа ноқонуний тўланишинг олди олинди.
Назорат тадбирларда ҳақиқатда яратилмаган 900 мингга яқин иш ўринлари ҳисоботга қўшиб ёзилган, 78 та ҳолатда 12 миллиард сўмлик иш ҳақи талон-торож қилинганлиги аниқланди. Эндокринология ва онкология касалликларни эрта тасдиқлаш ва даволаш ишларида жиддий нуқсонлар борлиги, жумладан, қандли диабет ва саратонни аниқлаш бўйича скриннинг ўтказилмаган 160 минг нафар фуқаро ҳисоботларга қўшиб ёзилганлиги аниқланди.
Ўрмон фонди ерлар хатловдан ўтказилиб, ноқонуний эгаллаб олинган 30 минг гектар ерлар захирага қайтарилди.
Маданий мерос объектлари муҳофазасини таъминлаш ишлари натижасида 606 археология ёдгорлигининг муҳофаза белгиси ўрнатилиши, 204 тасига муҳофаза тегралари белгиланиши, 36 тасининг кадастр ҳужжатлари расмийлаштирилиши, 66 ноқонуний қурилманинг бартараф этилиши таъминланди.
Соҳaга масъул раҳбарларнинг лоқайдлиги оқибатида Фарғона вилоятида 3 та маданий мерос объектини таъмирлаш ва тиклаш ишларида 2 миллиард сўмлик бюджет маблағлари талон-торож қилинганлиги, Наманганда эса 16–17 асрларга оид Бўзчи мозор археология ёдгорлигининг бир қисми бузиб ташланиб, 7 миллиард сўмлик зарар етказилганлиги аниқланган.
Барча аниқланган ҳолатлар бўйича тегишли чоралар кўрилди.
Маълум қилинишча, ўтган йили 489 нафар фуқарога 3,8 млрд сўмлик кечиктирилган иш ҳақи ва бошқа тўловлар ундириб берилган, шунингдек, 11,2 млрд сўмлик иш ҳақи ҳамда унга тенглаштирилган тўловлар талон-торож қилинганлиги аниқланиб, тегишли чоралар кўрилган.
Тадбиркорлар ва хорижий инвесторларнинг 29 451 нафарига қонун устуворлиги, шунингдек уларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини таъминлаш борасида амалий ёрдам кўрсатилган.