ТОШКЕНТ, 4 сен — Sputnik. Евросиё иқтисодий иттифоқи (ЕОИИ) давлатларининг аккредитация тизимлари ўртасидаги ҳамкорлик масаласини Евроосиё иқтисодий комиссияси (ЕИК) савдо вазири Андрей Слепнёв ва Росаккредитация раҳбари Дмитрий Вольвач муҳокама қилди.
"ЕОИИда маркировкани ривожлантириш мақсадида маркировкалаш ахборот тизимининг бошқа давлат ахборот тизимлари билан, жумладан техник тартибга солиш чораларига риоя этиш соҳасидаги тизимлар билан ўзаро ҳамкорлигини кучайтириш мақсадга мувофиқ", - дейилган хабарда.
Таъкидланишича, бу ҳужжатларни сохталаштириш, улардан айланманинг ваколатсиз иштирокчилари томонидан фойдаланилиши ёки бекор қилинган ва ҳақиқий эмас деб топилган рухсат берувчи ҳужжатларнинг қўлланилиши каби ҳолатларни бартараф этиш имконини беради.
"Томонлар иссиқхона газларини тасдиқлаш ва текшириш бўйича Евроосиё органларининг мақомини белгилаш мақсадга мувофиқлигини ўрганиш масаласида ҳамкорлик қилишга келишиб олдилар”, – дейилади хабарда.
Дмитрий Вольвач Росаккредитатсия халқаро бирлашмаларнинг аъзоси сифатида ушбу йўналишни ривожлантиришдан манфаатдор эканлигини таъкидлади:
"Биз аллақачон кўплаб ютуқларга эришдик. ЕОИИ сертификатлари ва декларацияларининг ягона реестри ҳамда Иттифоқ давлатлари савдосининг 85 фоизини қамраб олувчи техник регламентлар шулар жумласидандир. Баҳолаш тизими орқали ўзаро ҳамкорликни кучайтириш ва ўзаро ишончни ошириш лозим. Турли мамлакатларнинг аккредитация тизимлари иштирокчилари ўртасидаги ишонч даражаси юқори бўлиши ва бу ҳолат сертификатлар ҳамда декларацияларда ўз аксини топишига интилишимиз керак”, - дея таъкидлади Вольвач.