Тошкентда "Опен бюджет" ғолибларининг 96 фоизи давлат ташкилотлари бўлди

Таққослаш учун, Қашқадарёда ғолиб лойиҳаларнинг атиги 8 фоизигина давлат муассасаларига тегишли, қолган 92 фоизи эса маҳалла йўлларини таъмирлаш каби аҳоли ташаббусларига тўғри келди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 2 сен – Sputnik. Кеча “Ташаббусли бюджет” жараёнининг 2025 йилги иккинчи мавсуми ғолиб лойиҳалари эълон қилинди.
Таҳлилларга кўра, Тошкент шаҳридаги жами 190 та ғолиб лойиҳадан 182 таси (қарийиб 96 фоизи) давлат ташкилотларига тегишли бўлди. Жумладан:
28 та – мактабгача таълим муассасалари;
84 та – умумтаълим мактаблари;
4 та – мусиқа ва мактабдан ташқари ташкилотлар;
6 та – бошқа таълим муассасалари;
9 та – спорт муассасалари;
2 та – маҳалла бинолари;
1 та – олий таълим муассасаси;
48 та – соғлиқни сақлаш муассасаларини таъмирлаш ва моддий-техник базасини янгилашга қаратилган лойиҳалар.
Давлат муассасалари билан боғлиқ бўлмаган ғолиб лойиҳалар сони атиги 8 та бўлиб, уларнинг 3 таси болалар майдончаси барпо этиш, 5 таси эса ички йўлларни таъмирлаш билан боғлиқ.
Ғолиблар орасида ўтган мавсумда ҳам ғолиб бўлиб, бюджетдан маблағ ажратилган давлат муассасаларини таъмирлашга оид лойиҳалар ҳам учрайди. Масалан, Академик Х. Тўрақулов номидаги Эндокринология маркази ва бошқа қатор муассасалар. Шу билан бирга, маҳаллалар учун “танаффус” қоидаси амал қилади: улар бир мавсум ғолиб чиққанидан сўнг, кейинги мавсумда иштирок эта олмайди.
“Ташаббусли бюджет”нинг 2025 йил 2-мавсум ғолиблари аниқланди