ТОШКЕНТ, 1 сен – Sputnik. Шанхай ҳамкорлик ташкилотига (ШҲТ) аъзо мамлакатлар Тяньцзинь декларациясини қабул қилишди. Бу олий даражадаги учрашувнинг асосий ҳужжати бўлди.
Якуний ҳужжатда, хусусан, саммит иштирокчилари қуйидагиларни маълум қилишди:
ШҲТнинг Тараққиёт банкини таъсис этишга қарор қилишди;
“кузатувчи” ва “мулоқот бўйича шерик” мақомларини бирлаштиришади;
Афғонистон тинчлиги ва ривожланишини таъминлаш бўйича саъй-ҳаракатларни қўллаб-қувватлашга тайёр эканликларини билдиришди;
сунъий интеллект билан боғлиқ хавфсизлик учун хатарларнинг олдини олиш учун биргаликда ишлашади
БМТни замонавий сиёсий ва иқтисодий воқеликка мослаштириш зарур деб аташди;
терроризмни барча шакл ва кўринишларини қоралашди;
ҳарбий соҳада ҳамкорликка тайёр эканликларини билдиришди;
АҚШ ва Исроилнинг Эрон ядро инфратузилмасига берган зарбасини қоралашди;
Ядро қуролини тарқатмаслик шартномаси низомларига сўзсиз риоя қилиш тарафдори бўлишди;
Ғазо секторида кўплаб тинч аҳоли ҳалок бўлишига олиб кетган ҳаракатларни қоралашди ва анклавда гуманитар вазият ҳалокатли ҳолатга келиб қолганини таъкидлашди;
гиёҳванд воситаларининг ноқонуний айланмасига қарши курашда ҳамкорлик қилишга тайёрлар;
фазони ҳар қандай қуролдан озод сақлаш тарафдори бўлишди
спорт мусоқаларида қатнашиш учун тўсиқларни олиб ташлашга чақиришди;
илмий-техник ҳамкорлик борасида келишиб олишди;
оила институтини мустаҳкамлаш ва ёшларни ноқонуний фаолиятга жалб қилишнинг олдини олишга чақиришди;
раисликни Қирғизистонга беришга қарор қилишди.
ШҲТ саммити Хитойнинг Тяньцзинь шаҳрида 31 август-1 сентябрь кунлари бўлиб ўтмоқда. Унда 20 тадан зиёд хорижий давлат етакчилари қатнашмоқда.
Ҳозирда ШҲТ 10 та аъзо давлатни (Беларусь, Ҳиндистон, Эрон, Қозоғистон, Қирғизистон, Хитой, Покистон, Россия, Тожикистон ва Ўзбекистон) бирлаштиради. Шунингдек, ШҲТда кузатувчи мақомига эга 2 та давлат (Афғонистон, Мўғулистон) ва 14 та мулоқот бўйича ҳамкор (Озарбайжон, Арманистон, Баҳрайн, Миср, Камбоджа, Қатар, Кувайт, Малдив ороллари, Мьянма, Непал, БАА, Саудия Арабистони, Туркия ва Шри-Ланка) мавжуд.