ТОШКЕНТ, 28 авг — Sputnik. Ўтган тунда Россия Қуролли Кучлари узоқ масофали юқори аниқликдаги қуроллар, жумладан, "Кинжал" гипертовушли ракеталари билан Украина ҳарбий-саноат корхоналари, ҳаво базалари ва учувчисиз аппаратлар тайёрлаш ва учириш марказларига гуруҳли зарба берди.
Россия Мудофаа вазирлиги хабарига кўра, зарбалар фақат Украинадаги ҳарбий ва энергетика объектлари ҳамда улар билан боғлиқ инфратузилмага берилган.
Европа комиссияси раиси Урсула фон дер Ляйен айтишига кўра, ўтган тунда берилган зарбалардан ЕИнинг Киевдаги ваколатхонаси биноси ҳам зарар кўрган. Ходимларга зарар етмаган.
Россия президенти матбуот котиби ЕКнинг ушбу хабарига изоҳ берди.
"Махсус операция давом этмоқда. Кўряпсизми, Киев режими ҳам Россия инфратузилмаси объектларига, кўпинча Россия фуқаролик инфратузилмасига зарба беришда давом этмоқда. Россия қуролли кучлари ҳам ўз вазифаларини бажармоқда”, — деди Дмитрий Песков журналистларга ушбу хабарга изоҳ берар экан.
Украина пойтахти мэри Виталий Кличкога кўра, ўтган тунда Киевга берилган зарбалар натижасида 38 киши жароҳатланган, улардан 30 нафари шифохонага ётқизилган.
Россия ҳаво ҳужумидан ҳимоя тизимлари ўтган сутка давомида Украинанинг Су-27 қирувчи самолётини, 2та бошқариладиган авиабомбасини ва 192 та самолёт туридаги учувчисиз аппаратини уриб туширган.
Махсус ҳарбий операция бошланганидан бери Украина 666 та самолёт, 283 та вертолёт, 80 018 та учувчисиз учиш аппаратлари, 625 та зенит-ракета комплекслари, 24 831 та танк ва бошқа зирҳли жанговар машиналар, 1588 та кўп ракетали транспорт воситалари, 29 005 та дала артиллерияси ва миномётлар, 40 547 дона махсус ҳарбий техникасидан маҳрум бўлди.