Ўзбекистон ва Иордания муносабатларини мустаҳкамлаш тўғрисида қўшма баёнот қабул қилди

Икки давлат раҳбарлари барча соҳада ҳамкорликни чуқурлаштиришга келишди, музокаралар натижалари эса йирик шартномалар билан тасдиқланди
Sputnik
ТОШКЕНТ, 26 авг – Sputnik. Самарқанд шаҳрида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Иордания Ҳошимийлар Подшоҳлиги подшоҳи Абдулла II ибн ал-Ҳусайннинг музокаралари бўлиб ўтди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.
Етакчилар БМТ, Ислом ҳамкорлик ташкилоти ва бошқа халқаро тузилмалар доирасида самарали ҳамкорлик олиб борилаётганини мамнуният билан қайд этиб, ташаббусларни ўзаро қўллаб-қувватлашни фаол давом эттириш зарурлигини таъкидладилар.
Икки томонлама савдо кўрсаткичларини каррасига ошириш, қўшма инвестиция лойиҳалари ва савдо шартномаларини амалга оширишга тайёрлик тасдиқланди.
Кимё ва тўқимачилик саноати, "ақлли" қишлоқ хўжалиги, геология, соғлиқни сақлаш ва фармацевтика, туризм ва бошқа тармоқларда кооперацияни кенгайтиришга келишиб олинди.
Ҳукуматлараро комиссия ва Ишбилармонлар кенгашини ишга тушириб, жорий йил якунигача уларнинг илк йиғилишларини ўтказиш таклифи билдирилди. Икки мамлакатнинг етакчи компания ва ишлаб чиқарувчилари иштирокида Ўзбекистон–Иордания бизнес форумининг ўтказилиши ишбилармон доиралар ўртасида узоқ муддатли шериклик алоқаларини ўрнатишга хизмат қилади.
В Самарканде состоялись переговоры президента Узбекистана Шавката Мирзиёева и короля Иордании Абдаллы II
Ўзбекистон ва Иордания умумий маънавий меросини биргаликда ўрганиш соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш, икки мамлакат исломшунослик марказлари ва институтлари ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди.
Шавкат Мирзиёев Подшоҳ Абдулла II томонидан бундан 10 йил олдин бошланган "Ақаба жараёни" ташаббусини юқори баҳолаб, ушбу муҳим ташаббуснинг навбатдаги йиғилишларидан бирини Самарқанд шаҳрида ўтказишни таклиф этди.
Икки мамлакат пойтахтлари ўртасида мунтазам авиақатновларнинг йўлга қўйилиши ва визасиз режим жорий қилиниши ишбилармонлик алоқалари ва ўзаро сайёҳлар оқимининг кўпайишига хизмат қилиши таъкидланди.
Глобал ва минтақавий аҳамиятга молик долзарб масалалар юзасидан ҳам фикр алмашилди.
Музокаралар якунида Подшоҳ Абдулла II ибн ал-Ҳусайн давлатимиз раҳбарини Иорданияга ташриф билан боришга таклиф этди.
Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган самарали музокаралар якунида Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Иордания Ҳошимийлар Подшоҳлиги Подшоҳи Шериклик муносабатларини мустаҳкамлаш тўғрисида қўшма баёнот қабул қилдилар.