Ўзбекистон, Туркманистон ва Озарбайжон етакчилари учрашди

Учрашувда улкан транзит салоҳиятидан тўлиқ фойдаланиш, тарифларни ўзаро пасайтириш, Ўзбекистон Каспий денгизи орқали юк ташиш учун ўз паром қувватларини яратиш масалалари муҳокама қилинди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 22 авг – Sputnik. "Аваза" миллий туризм зонасида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев, Туркман халқининг миллий етакчиси, Халқ Маслаҳати раиси Гурбангули Бердимуҳамедов ва Озарбайжон президенти Илҳом Алиевнинг уч томонлама учрашуви бўлиб ўтди. Бу ҳақда Ўзбекистон президенти матбуот хизмати хабар берди.
Савдо-иқтисодиёт, транспорт-коммуникация, энергетика ва гуманитар соҳалардаги кўп қиррали ҳамкорликни ривожлантириш масалалари кўриб чиқилди.
Мирзиёев Илҳом Алиевни яқинда Вашингтон шаҳрида Арманистон билан тинчлик декларацияси имзолангани билан қутлади.
Уч давлатнинг улкан транзит салоҳиятини тўлиқ ишга солиш муҳимлиги қайд этилди.
Ўзбекистон президенти амалдаги ва истиқболли йўлакларнинг туташуви Хитойни мамлакатларимиз ҳудудлари орқали Жанубий Осиё, Яқин Шарқ ва Европа билан боғлайдиган барқарор ва самарали трансқитъавий йўналишни шакллантириш имконини беришига ишонч билдирилди.
Ҳозирги кунда Хитой-Ўзбекистон темир йўли қурилиши бошланган. Бундан ташқари, яқинда Покистон ва Афғонистон билан Трансафғон йўлагини қуриш лойиҳаси бўйича меморандум имзоланди.
Янги юк оқимлари, энг аввало, Озарбайжон, Туркманистон ва Ўзбекистон инфратузилмасидан самарали фойдаланишни таъминлаши қайд этилди.
Ўрта маршрутни, шу жумладан, Зангезур йўлагини ривожлантириш борасидаги режалар ҳам қўллаб-қувватланди.
Ўтказувчанлик қобилиятини кенгайтириш, шу жумладан, Боку ва Туркманбоши портларида замонавий логистика инфратузилмасини яратиш, келишилган тариф сиёсатини юритиш, тартиб-таомилларни рақамлаштириш ва юклар назоратини таъминлаш масалаларни ишлаб чиқишга киришиш таклиф қилинди.
Ўзбекистон асосий бозорларга бизнес учун энг қисқа ва манфаатли чиқишни таъминлаш мақсадида юк ташиш тарифларини ўзаро асосда пасайтиришга тайёрлиги билдирилди.
Переговоры лидеров Узбекистана, Туркменистана и Азербайджана
Саъй-ҳаракатларни бирлаштириш логистика инфратузилмасини ривожлантиришда донор давлатлар ва халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликни йўлга қўйиш имкони очилиши таъкидланди.
Ўзбекистон Каспий денгизи орқали юкларни ташиш учун ўз паром қувватларини яратишдан манфаатдорлиги билдирилди.
Кооперацияни чуқурлаштириб, энергия ресурсларини учинчи мамлакатларга экспорт қилиш йўлакларини ривожлантириш зарурлиги қайд этилди.
Бу борада Европага "яшил" энергия етказиб беришни ташкил этиш лойиҳаси истиқболли экани таъкидланди.
Анъанавий углеводородлар борасида Каспий шельфида геология-қидирув ишларини олиб бориш ва конларни ўзлаштириш соҳасида ҳамкорлик истиқболларини ўрганиш таклиф этилди.
Товар айирбошлашни ва саноат кооперацияси кўламини тубдан ошириш яна бир устувор йўналиш сифатида қайд этилди.
Барқарор савдо-логистика занжирларини ривожлантириш, улгуржи-тақсимот марказларини ташкил этиш ва йирик савдо тармоқларига чиқиш, фитосанитария ва карантин талабларини унификация қилиш, маҳсулотларни рақамли маркировкалашни жорий қилиш, қўшма электрон платформаларни ишга тушириш ва товар-хомашё биржалари кооперациясини кенгайтиришни назарда тутадиган комплекс ҳаракатлар режасини биргаликда тайёрлаш таклиф қилинди.
Савдо-саноат палаталари раҳбарлигида кўргазма-ярмарка тадбирлари ва ишбилармонлик учрашувларини ўтказиш орқали уч мамлакат ҳудудларини ушбу жараёнларга фаол жалб қилиш таклиф қилинди.
Гуманитар алоқаларни кенгайтириш доирасида Ўзбекистон, Туркманистон ва Озарбайжон ва учинчи давлатлардан сайёҳлар оқимини кўпайтириш, халқларнинг бой маданий мероси муштараклиги, анъана ва урф-одатлари яқинлигини намойиш этиш имконини берадиган туризм ва маданий алмашинувларнинг уч томонлама дастурини қабул қилиш таклиф қилинди.
Якунда Мирзиёев илгари сурилган ташаббуслар ва эришилган келишувларни амалга ошириш учун "йўл харитаси"ни тайёрлаш, шунингдек, асосий йўналишлар бўйича вазирларнинг қўшма учрашувлари механизмини ишга туширишни таклиф қилди.