Исроил Ғазони босиб олиш операциясини маъқуллади

Операция 2026 йилга қадар давом этади ва унга 130 минггача заҳирадаги ҳарбийларни жалб этиш режалаштирилган.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 20 авг — Sputnik. Исроил мудофаа вазири Исраэл Кац Ғазони босиб олиш бўйича операцияни маъқуллади, деб хабар бермоқда Кан давлат телерадиокомпанияси.
Хабарда айтилишига кўра, операция "Гидеон аравалари 2" деб номланади ва 2026 йилгача давом этади. Манёврлар авжида унга 130 минггача заҳирадаги ҳарбийлар жалб этилади, дейилади хабарда.
Август ойи бошида Исроил бош вазири Бинямин Нетаняху “хавфсизлик периметрини таъминлаш” мақсадида бутун Ғазо сектори устидан назорат ўрнатиш ниятида эканлигини маълум қилган эди. Унинг таъкидлашича, Тел-Авив кейинчалик анклавни фуқаролик ҳукуматига топширишни режалаштирмоқда.
Бир қанча давлатлар, жумладан Миср ва Қатар Исроилнинг режаларини қоралади. Ўтган ҳафта улар ХАМАСга 60 кунлик ўт очишни тўхтатиш таклифини тақдим этдилар, бу эса можарога тўлиқ барҳам бериши керак. Шартнома, шунингдек, 2023 йил 7 октябрда ўғирлаб кетилган исроиллик гаровга олинганларнинг ярмини, баъзи фаластинлик маҳбуслар эвазига озод қилишни ҳам кўзда тутади.
ҲАМАС бу таклифни қўллаб-қувватлади, бироқ Исроил ҳали бунга жавоб бермади.