ТОШКЕНТ, 18 июл - Sputnik. Владимир Путин ва Ражаб Тоййиб Эрдўған телефон орқали мулоқот қилди, деб хабар берди Кремль матбуот хизмати. Асосий фикрлар:
Путин Украина можаросини сиёсий ва дипломатик йўл билан ҳал қилишга тайёрлигини яна бир бор тасдиқлади;
Россия президенти Истанбулда тўғридан-тўғри Россия-Украина музокараларини ўтказишга тайёрлиги учун Эрдўғанга миннатдорчилик билдирди;
Президентлар Яқин Шарқдаги воқеаларни, жумладан Суриядаги вазиятнинг кескинлашувини муҳокама қилдилар;
Улар ўзаро мулоқот ва миллий консенсусни мустаҳкамлаш асосида Сурияда вазиятни тезда барқарорлаштириш муҳимлигини таъкидладилар;
Якшанба куни қуролли тўдалар Сурия жанубидаги Сувайда вилоятидаги друзлар яшайдиган аҳоли пунктларига ҳужум қилди. Чоршанба куни Сурия Ички ишлар вазирлиги САР қуролли кучлари ва қуролли гуруҳлар ўртасидаги жанговар ҳаракатларни тўхтатиш бўйича келишувга эришилганини маълум қилди. Шу куни Араб Республикаси Мудофаа вазирлиги кучлари у ерда жойлашган хавфсизлик кучларини шаҳардан олиб чиқишни бошлади.
Путин ва Эрдўған барча масалаларда алоқани давом эттиришга келишиб олдилар.
Ҳафта бошида матбуот котиби Дмитрий Песков Россия музокараларнинг учинчи раундига тайёр эканлигини, лекин Киевдан ҳали ҳеч қандай таклиф келиб тушмаганини таъкидалаган эди.
Томонлар Истанбулда икки учрашув ўтказди. Уларнинг натижаси асирлар алмашинуви бўлди, Украина Қуролли Кучларининг ҳалок бўлган ҳарбий хизматчиларининг жасадлари Украинага топширилди. Москва ва Киев, шунингдек, можарони ҳал қилиш бўйича меморандумлар лойиҳалари алмашди.