Мўғулистондан 100 минг бош майда шохли мол олиб келинади

Мўғулистондан олиб келинган моллар сони 2029 йил якунига қадар 1 млн бошга етказилади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 18 июл — Sputnik. Мўғулистондан 100 минг бош майда шохли мол олиб келинади. Бу ҳақда Ўзбекистон президентининг 18 июль куни имзоланган қарорида айтиб ўтилган.

“Мўғулистондан Ўзбекистонга 100 минг бош майда шохли молларни олиб келиш ва уларни маҳаллий шароитда наслчилик-селекция ишлари ёрдамида кўпайтириш орқали уларнинг сонини 2029 йил якунига қадар 1 млн бошга етказиш” мақсад қилинган, - дейилади қарорда.

Шунингдек, қарорда Мўғулистондан майда шохли молларни импорт қилувчи тадбиркорларга қатор имтиёзлар назарда тутилган:
Ҳаво транспортида ташиш харажатларининг 50 % давлат бюджети ҳисобидан компенсация қилиш;
Қўшилган қиймат солиғини тўлаш муддатини фоизлар ҳисобланмаган ҳолда кечиктириб тўлаш;
Халқаро молия институтларининг кредит маблағлари ҳисобидан йиллик 10 % ставкада 5 йил муддатга 2 йиллик имтиёзли давр билан ажратиш;
Кредит маблағларини суғурта қилишда - мол-мулк гаров таъминотини 50 фоизгача этиб белгилаш.
Камида 1000 бош майда шохли мол импорт қилган тадбиркорларга яйлов ерлари муайян шартлар асосида ижарага бериш.
Ундан ташқари президент қарорида Ўзбекистон озиқ-овқат ва тўғимачилик саноати маҳсулотларини Мўғулистонга экспорт қилиш, Мўғулистонда Ўзбекистон савдо уйлари очиш ва бошқа чора-тадюирлар айтиб ўтилган.