Республика бўйлаб “Ёшлар туризми ойлиги” ўтказилади — чегирма ва зиёратгоҳлар рўйхати

Ойлик доирасида 7 ёшдан 30 ёшгача бўлганлар республиканинг диққатга сазовор жойларига саёҳат қилишлари мумкин.
Sputnik
TOШКЕНТ, 14 июл — Sputnik. Республика бўйлаб “Ёшлар туризми ойлиги” бўлиб ўтади, дея хабар берди Туризм қўмитаси матбуот хизмати.
“20 июлдан 20 августга қадар Туризм қўмитаси ҳамда ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда “Ёшлар туризми ойлиги” тадбирлари ўтказилади. Ойлик доирасида 7 ёшдан 30 ёшгача бўлган ўқувчи, талаба ва ёшларни республикамизнинг диққатга сазовор жойларига саёҳат қилишларига чорлаймиз”, — дейилган хабарда.
Ушбу ойлик доирасида республикадаги жойлаштириш воситалари томонидан 20 фоизгача чегирмалар жорий этилди.
Шунингдек, “Вақф” хайрия фонди тасарруфидаги бир қанча музей ва зиёратгоҳларга ёшлар 10 фоизлик чегирма билан кириши белгиланди.
Музей ва зиёратгоҳлар рўйхати:
“Ҳазрати Имом” мажмуасидаги “Мўйи Муборак” зиёратгоҳи;
“Шоҳи зинда” ёдгорлик мажмуаси;
“Хўжа Дониёр” мажмуаси;
“Чорчинор” зиёратгоҳи;
Ал Мотрудий музейи;
Паҳлавон Маҳмуд;
Сайид Аловуддин пир музейи.
Бундан ташқари, республика бўйлаб ўтказиладиган концерт-томоша ҳамда спорт тадбирлари рўйхати шакллантирилди.