Россиянинг Донбассдаги махсус ҳарбий операцияси

Лавров Украина атрофидаги можарони ҳал қилиш қандай қоидаларни ўз ичига олишини айтди

Лавров: Украина инқирозини ҳал қилиш доирасида Россия Федерациясининг янги ҳудудларини халқаро миқёсда тан олиш зарур.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 7 июл — Sputnik. Украина атрофидаги можарони унинг асл сабабларини бартараф этмасдан барқарор ҳал қилиш мумкин эмас, биринчи навбатда, Россия хавфсизлигига таҳдидларни бартараф этиш керак, деди Россия ТИВ раҳбари Сергей Лавров Венгриянинг Magyar Nemzet газетасига берган интервьюсида.
"Можаронинг асл сабабларини бартараф этмасдан туриб, барқарор ҳал қилиш мумкин эмас. Аввало, НАТОнинг кенгайиши ва Украинанинг ушбу ҳарбий блокка тортилиши муносабати билан Россия хавфсизлигига таҳдидларни бартараф этиш керак. 2014 йилдан кейин Россия, руслар ва русийзабонлар билан боғлиқ бўлган барча нарсаларни йўқ қилаётган Киев режими назорати остида қолаётган ҳудудларда инсон ҳуқуқларига риоя этилишига эришиш ҳам муҳимдир”, — деди у.
Унинг қўшимча қилишича, Украина инқирозини ҳал қилиш доирасида Россия Федерациясининг янги ҳудудларини халқаро миқёсда тан олиш зарур.

"Қрим, Севастопол, ДХР, ЛХР, Запороже ва Херсон вилоятларининг Россия таркибига киритилиши билан юзага келган янги ҳудудий воқеликларни халқаро-ҳуқуқий жиҳатдан тан олиш зарур. Уларнинг аҳолиси референдумда ўз хоҳиш-иродасини эркин билдириш орқали ўз тақдирини белгилади. Кун тартибида Украинани демилитаризация ва денацификация қилиш, Россияга қарши санкцияларни бекор қилиш, Россияга қарши барча суд даъволарини қайтариб олиш ва Ғарбда ноқонуний ҳибсга олинган активларини қайтариш вазифалари бор”, — дея таъкидлади вазир.

Унинг сўзларига кўра, тинч йўл билан ҳал қилиш тўғрисидаги келишув барча айтиб ўтилган қоидаларни ўз ичига олиши керак.
"Бу қоидаларнинг барчаси юридик кучга эга бўлган тинчлик битимига киритилиши керак. Украина ўз давлатчилигининг илдизларига қайтиши ва унинг ҳуқуқий асосини яратган ҳужжатларнинг руҳи ва ҳарфига эргашиши керак. Эслатиб ўтаман, ушбу мамлакатнинг нейтрал, блокларга қўшилмаслик ва ядросиз мақоми тўғрисидаги қоида 1990 йилдаги давлат суверенитети тўғрисидаги декларацияда қайд этилган. 1991 йил август ойида Олий Рада "Украина мустақиллигини эълон қилиш акти"ни қабул қилди, унда ушбу Декларация қоидаларининг қатъийлиги тасдиқланди. "Мустақиллик эълон қилиш акти"га ҳавола Украинанинг амалдаги Конституцияси муқаддимасида келтирилган”, — дея хулоса қилди Лавров.
Москва Украина атрофидаги можарони сиёсий-дипломатик йўл билан ҳал қилиш учун очиқ қолмоқда, аммо гап Киев фойдаланиши мумкин бўлган сулҳ эмас, балки мустаҳкам тинчлик ҳақида бориши керак.