Ўзбекистон ва ЕОИИ

ЕОИИ мамлакатлари қишлоқ хўжалиги сифат ўзгаришлари арафасида турибди — ЕИК

Бу ерда гап замонавий рақамли ечимлар ҳақида бормоқда.
Sputnik
TOШКЕНТ, 7 июл — Sputnik. Евроосиё иқтисодий иттифоқи (ЕОИИ) мамлакатлари қишлоқ хўжалиги сифат ўзгаришлари арафасида турибди. Бу ҳақда Евросиё иқтисодий комиссияси (ЕИК) саноат ва агросаноат комплекси вазири Гоар Барсегян маълум қилди.
Гоар Барсегян Волгоградда бўлиб ўтган Бутунроссия дала куни-2025 "Ўсиш вазифалари: Россия ўсимликшунослиги самарадорлигини ошириш" ялпи мажлисида нутқ сўзлади. Ўсимликшуносликда, шу жумладан замонавий рақамли ечимлар - учувчисиз технологиялар, рақамли мониторинг ва роботлаштириш орқали самарадорликни ошириш масалалари диққат марказида бўлди.
"Евросиё иқтисодий иттифоқи мамлакатлари қишлоқ хўжалиги сифат ўзгаришлари арафасида турибди. Аграр бозорни рақамли моделга айлантириш қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришини жадал ривожлантириш воситаларидан биридир. Айнан шу йўналишда ЕИК ва миллий ҳукуматларнинг саъй-ҳаракатлари жамланган”, — деди вазир.
Ишбилармонлик дастури доирасида Барсегян Россия Федерацияси қишлоқ хўжалиги вазири Оксана Лут билан учрашди.
Улар ЕОИИ давлатлари ўртасида агросаноат мажмуаси соҳасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорликнинг долзарб масалаларини кўриб чиқишди. Қайд этилишича, интеграция жараёнларини чуқурлаштириш ва соҳанинг барқарор ривожланишини таъминлаш зарур.
Томонлар агросаноат мажмуасидаги кооперация лойиҳаларини молиявий қўллаб-қувватлаш механизмини ишга тушириш бўйича таклифлар тайёрлашга эътибор қаратишга келишиб олишди.
"Агросаноат мажмуасида қўшма кооперация лойиҳаларини амалга ошириш ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар ҳажмини ошириш, технологик жиҳатдан такомиллаштириш, давлатлараро савдо-иқтисодий алоқалар ва ўзаро инвестицияларни кўпайтиришга хизмат қилади", — деди ЕИК раҳбари.
Гоар Барсегян қишлоқ хўжалигини барқарор ривожлантириш, Иттифоқ доирасида умумий аграр бозорни тартибга солиш бўйича умумий мақсадларга эришиш учун келишилган ҳаракатлар муҳимлигини таъкидлади.