TOШКЕНТ, 4 июл — Sputnik. Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти (ИҲТ) саммити доирасида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Покистон бош вазири Шаҳбоз Шариф билан учрашув ўтказди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.
Ўзбекистон-Покистон стратегик шериклик муносабатларини қабул қилинган "йўл харитаси" асосида янада кенгайтириш ва мустаҳкамлашнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди. Турли даражалардаги мулоқотлар фаол кечаётгани мамнуният билан қайд этилди.
Савдо-иқтисодиёт, инвестиция ва транспорт-коммуникация соҳаларидаги кооперация лойиҳалари ва дастурларини жадаллаштириш, шу жумладан Трансафғон темир йўли қурилишини илгари суришга алоҳида эътибор қаратилди.
Жорий йилда ўтказилиши режалаштирилган Ҳукуматлараро комиссия йиғилиши ва бизнес форумини самарали ўтказиш муҳимлиги таъкидланди.
Ўзбекистон ва Покистон етакчилари халқаро ва минтақавий аҳамиятга молик масалалар юзасидан ҳам фикр алмашдилар.