ТОШКЕНТ, 3 июл — Sputnik. Шу йилнинг 8-10 август кунлари Хивада “Қовун сайли” фестивали бўлиб ўтади, дея хабар берди Туризм қўмитаси матбуот хизмати.
“Мамлакатимиз туризм салоҳиятини кенг тарғиб этиш, жумладан, Хоразм вилоятига ташриф буюрувчи хорижий ва маҳаллий сайёҳлар сонини ошириш мақсадида жорий йилнинг 8-10 август кунлари Хива шаҳрида — “Ичан қалъа” ва “Арда Хива” мажмуаларида анъанавий “Қовун сайли” фестивали бўлиб ўтади”, — дейилади хабарда.
Фестиваль доирасида қуйидагилар ўтказилади:
қовунларнинг кўргазма-савдоси;
театрлаштирилган саҳналар, қўғирчоқ театри ва миллий либослар намойиши;
миллий таомлар, Хоразм нонлари ва ҳунармандчилик маҳсулотлари кўргазмалари;
бадиий жамоалар, фольклор гуруҳларининг жонли ижро чиқишлари, маҳорат дарслари;
тасвирий ва амалий санъат асарлари кўргазмаси.
“Қовун сайли” да фаол иштирок этганлар турли номинациялар асосида Хоразм вилоят ҳокимлиги ва ҳомийларнинг қимматбаҳо совғалари билан тақдирланади.
Қайд этилишича, 8-9 август кунлари “Ичан қалъа” ва 10 август куни “Арда Хива” туризм мажмуаларида маҳаллий ва хорижий санъаткорлар иштирокида гала концертлар ўтказилади.