TOШКЕНТ, 2 июл — Sputnik. Россия президент Владимир Путин қарийб уч йил ичида биринчи марта Франция президенти Эммануэл Макрон билан телефон орқали мулоқот қилди. Хабар матни Кремль сайтида эълон қилинди.
"Владимир Путиннинг Эммануэл Макрон билан суҳбати мазмунли характерга эга бўлди", — дейилади Кремль матбуот хизмати хабарида.
Путин ўз сўзида Украинадаги можаро Ғарб сиёсатининг бевосита оқибати эканини эслатди.
"Ғарб давлатлари <...> узоқ йиллар давомида Россия хавфсизлиги манфаатларини эътиборсиз қолдирди, Украинада Россияга қарши плацдарм яратдилар, русийзабон аҳолининг ҳуқуқлари бузилишига йўл қўйишди, энди эса Киев режимини турли замонавий қуроллар билан таъминлаб, жанговар ҳаракатларни чўзиш йўлини тутишмоқда", — дейилади хабарда.
Қайд этилишича, Россия Украина можаросини ҳал қилиш бўйича мумкин бўлган келишувларга принципиал ёндашувларни тасдиқлайди. Улар узоқ муддатли характерга эга бўлиши, бирламчи сабабларни бартараф этишни кўзда тутиши ва реалликка таяниши лозим.
Шунингдек, давлат раҳбарлари Эрон-Исроил қарама-қаршилиги ва АҚШнинг Эрон ядровий объектларига зарбаларини муҳокама қилишди.
Путин ва Макрон Россия ва Франциянинг Яқин Шарқда тинчликни сақлаш ва ядровий тарқатмаслик режимини сақлаб қолишдаги масъулиятини қайд этди.
Улар Теҳроннинг тинч атомга бўлган қонуний ҳуқуқини ҳурмат қилиш ва МАГАТЭ билан ҳамкорликни ўз ичига олган Ядро шартномаси бўйича мажбуриятларни бажаришда давом этиш муҳимлигини таъкидлашди.
Етакчилар Эрон дастури атрофидаги инқирозни сиёсий-дипломатик йўл билан ҳал қилиш тарафдори эканликларини билдиришди.
“Улар Яқин Шарқдаги вазият бўйича позицияларни мувофиқлаштириш учун алоқаларни давом эттиришга келишиб олишди”, — дейилади хабарда.
Елисей саройининг қўшимча қилишича, Макрон Россия раҳбари билан музокараларни давом эттириш ниятида.