Ўзбекистоннинг тасвирий ва амалий санъат соҳасидаги режалари маълум қилинди

Профессор-ўқитувчиларнинг муносиб бадиий асарлари илмий монографияга тенглаштирилади.
Sputnik
TOШКЕНТ, 2 июл — Sputnik. Тошкентда 40 та ижодий устахонадан иборат Ёш рассомлар маркази барпо этилади, дея хабар берди президент матбуот хизмати.
Давлат раҳбарига тасвирий ва амалий санъат соҳасини янада ривожлантиришга оид қарор лойиҳаси ҳақида ахборот берилди.
Қуйидагиларни амалга ошириш режалаштирилган:
2026-2027 йилларда инвестиция дастури доирасида Бадиий академиянинг Марказий кўргазмалар зали ва фонди биносини реконструкция қилиш, Тошкент фотосуратлар уйида Мультимедиа маркази ташкил этиш;
Бадиий фонд ҳудудида замонавий галерея ҳамда 40 та ижодий устахонадан иборат Ёш рассомлар маркази барпо этилади;
Шарқ миниатюра санъати музейида ўқув-ишлаб чиқариш устахонаси ташкил қилинади;
Беньков номидаги рассомлик мактаби таъмирланиб, 400 ўринли қўшимча ўқув биноси, 200 ўринли ётоқхона қурилади;
“Устоз-шогирд” тамойили асосида ёш қаламкашларни тарбиялаб келаётган тажрибали рассомлар қўшимча рағбатлантириб борилади;
ҳар йили танлов асосида энг истеъдодли ижодкорлар хорижий мамлакатларга тажриба алмашишга юборилади.
“Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институтида таълим сифатини ошириш чоралари кўрилади. Бу ерда илғор хорижий ўқув режа ва дастурлар босқичма-босқич жорий этилади. Профессор-ўқитувчиларнинг муносиб бадиий асарлари илмий монографияга тенглаштирилади. Шунингдек, бу институтни битирган мутахассисларга мактабларда тасвирий санъат фанидан дарс ўтишга рухсат берилади”, — дейилган хабарда.
Айтилишича, “Янги Ўзбекистон манзаралари”, “Тарихий алломалар” ва “Замон қаҳрамонлари” туркумидан ижодий асарларни давлат буюртмаси асосида яратиш тизими йўлга қўйилади.
Тошкентда болалар томонидан чизилган ижодий расмлар намойиш этилмоқда — фото