TOШКЕНТ, 1 июл — Sputnik. Ишлаш учун Приморье ўлкасига бормоқчи бўлган Ўзбекистон фуқароларининг тайёргарлигини йўлга қўйиш режалаштирилмоқда. Бу ҳақда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги хабар берди.
Ўзбекистон делегацияси Приморье ўлкаси губернатори Олег Кожемяко билан учрашди.
Шунингдек, делегация қуйидагилар билан қатор учрашувлар олиб борди:
Халқаро ва ташқи иқтисодий алоқалар вазири;
Қурилиш вазири;
Меҳнат ва ижтимоий сиёсат вазири;
Таълим вазири;
Қишлоқ хўжалиги вазири;
Саноат ва савдо вазири;
Туризм вазири;
Миграция сиёсати агентлиги ва Россия ТИВнинг Владивостокдаги ваколатхонаси раҳбари.
“Музокаралар чоғида икки томонлама ҳамкорликни ривожлантириш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, меҳнат мигрантларининг кетишдан олдинги тайёргарлигини йўлга қўйиш, Ўзбекистонда Россия ўқув марказларини очиш, қўшма тарғибот-ташвиқот тадбирларини ўтказиш масалалари муҳокама этилди”, — дейилади хабарда.
Шунингдек, делегация Ташқи иқтисодий алоқалар вазирлиги ва Миграция сиёсати агентлиги раҳбарияти билан маслаҳатлашувлар ўтказди. Қолаверса, губернатор иштирокида Приморье ўлкасида меҳнат фаолиятини амалга ошираётган ватандошлар билан учрашув бўлиб ўтди.