Ўзбекистон илк бор Жаҳон божхона ташкилотининг аудит қўмитаси аъзоси бўлди

Божхона қўмитаси: Ўзбекистоннинг қўмита доирасидаги фаолияти ташкилотнинг салоҳиятини мустаҳкамлашга ҳамда барча аъзо давлатлар манфаатларига бирдек хизмат қилади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 29 июн — Sputnik. Ўзбекистон тарихда илк бор Жаҳон божхона ташкилотининг аудит қўмитаси аъзолигига сайланди, дея хабар берди қўмита матбуот хизмати.
Жаҳон божхона ташкилоти кенгашининг 145- ва 146-сессиялари Брюссель шаҳрида дунёнинг 186 давлати божхона идораларининг юқори мартабали вакиллари иштирокида бўлиб ўтди.
Сессияда Кенгаш раиси ва ўринбосари, Сиёсий қўмита аъзолари, Молия ва Аудит қўмиталари раислари, ўринбосарлари ва аъзолари сайланди.
"Ўзбекистон тарихида илк бор Жаҳон божхона ташкилотининг Аудит қўмитаси аъзолигига сайланди", — дейилади хабарда.
Қуйидагилар маълум қилинди:
Божхона қўмитаси раиси Ўзбекистон қўмита аъзолигига қабул қилингани учун миннатдорлик изҳор қилди;
Раис Ўзбекистон томонидан ташкилот доирасида молиявий ошкоралик, самарали бошқарув ва ҳисобдорликни таъминлашга янада кўпроқ ҳисса қўшишга ишонч билдирди;
Ўзбекистоннинг қўмита доирасидаги фаолияти ташкилотнинг салоҳиятини мустаҳкамлашга ҳамда барча аъзо давлатлар манфаатларига бирдек хизмат қилади.
Маълумот учун, Аудит қўмитаси Жаҳон божхона ташкилотининг молиявий ва ички бошқарувини самарали назорат қилиш билан шуғулланади. Унинг таркибига дунёнинг 12 та давлатидан аъзолар сайланади.