Калининграддан топилган қадимий суваракли қаҳрабо аукционда сотиладиган бўлди

Мутахассисларнинг ҳисоб-китобларига кўра, ушбу қадимий ҳашаротнинг ёши 35-40 миллион йилни ташкил этади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 29 июн — Sputnik. Калининградда ёши 35-40 миллион йил бўлган қадимий суваракли қаҳрабо қазиб олинди, дея хабар берди Қаҳрабо комбинати матбуот хизмати.
"Ростех" давлат корпорациясининг Калининград қаҳрабо комбинатида тўлиқ сақланиб қолган қазилма суваракли инклюз қазиб олинди. Мутахассисларнинг ҳисоб-китобларига кўра, ушбу қадимий ҳашаротнинг ёши 35-40 миллион йилни ташкил этади.
“Ушбу ноёб намуна 2 август куни VIII Халқаро қаҳрабо форуми доирасида бўлиб ўтадиган ноёб қаҳрабо кимошди савдосида марказий лотлардан бирига айланади", — дейилади хабарда.
Маълум қилинишича, инклюз қўлда саралаш жараёнида топилган ва унинг оғирлиги атиги етти граммни ташкил қилади. Blattodea туркумига мансуб ҳашарот 41 га 21 миллиметр ўлчамдаги асал қаҳрабо бўлагида муҳрланган бўлиб чиқди.
Суварак қадимги қатрон (смола) ичида қотиб қолган, юзага яқин жойлашган, бу эса ҳашаротнинг қанотлари, панжалари ва бошини батафсил кўриб чиқиш имконини беради.
"Бу биз ўрганган қаҳрабонинг жуда қизиқарли намунаси. У сўнгги беш йил ичида биз кашф этган сувараксимонларнинг энг йирик вакилларидан биридир. У камида 35-40 миллион ёшда", — дейди Калининград қаҳрабо комбинатининг геммолог мутахассиси Анна Дугина.
Миллионлаб йиллар олдин иссиқ нам иқлим ва ўрмон ёнғинлари туфайли қадимги дарахтларнинг қатрони суюқ ҳолатда қолиб, турли хил жонзотлар учун тузоққа айланган.
Ҳашаротлар унга шамол оқими билан кирган, бошқалари ялтироқ юзага тортилган, баъзилари эса кутилмаганда тушаётган томчига тушиб қолган. Улар ёпишгандан сўнг, янги қатламлар қатрон билан қопланган. Ўртача олганда, инклюзиялар қазиб олинадиган қаҳрабонинг умумий ҳажмининг 7-9% ни ташкил қилади.