ТОШКЕНТ, 26 июн — Sputnik. Марказий Осиё минтақасида илк бор Самарқандда БМТ Давлат хизмати форуми бўлиб ўтди, дея хабар берди Ўзбекистон Sputnik мухбири.
Тадбирда Европа, Осиё, Лотин Америкаси ва Африкадан вазирлар, БМТ, халқаро ташкилотлар, илмий доиралар ва хусусий сектор вакиллари иштирок этди. Тадбир БМТнинг 2030 йилгача бўлган кун тартибида белгиланган Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш бўйича кейинги қадамларни муҳокама қилиш учун платформа бўлди.
Форумда сўзга чиққан ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Шерзод Шерматов мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотлар доирасида замонавий рақамли экотизим яратилганини таъкидлади.
"Рақамли ҳукумат" идоралараро интеграциялашув платформасида 49 та давлат органларининг 390 тадан ортиқ веб-сервислари мавжуд бўлиб, уларга ҳар куни 216 тадан ортиқ ахборот тизимлари уланади.
Ягона интерактив давлат хизматлари портали (my.gov.uz) орқали 760 тадан ортиқ электрон хизматлардан фойдаланиш имконияти мавжуд бўлиб, рўйхатдан ўтган фойдаланувчилар сони 11 миллиондан ошди.
Миллий қонунчилик базасида сунъий интеллектга асосланган рақамли ёрдамчи муваффақиятли жорий этилган, ундан ҳам жамоатчилик, ҳам профессионал юристлар фойдалана олади.
208 та Давлат хизматлари марказларининг ривожланган тармоғи бутун мамлакат бўйлаб маъмурий хизматлардан офлайн фойдаланишни таъминлайди.
Бир сўз билан айтганда, рақамли трансформация барча асосий соҳаларни - давлат хизматларидан тортиб электрон молия, электрон тижорат, фискал маълумотлар таҳлили ва рақамли иқтисодиётнинг бошқа йўналишларини қамраб олади.
"Ўзбекистон рақамлаштириш соҳасида кўплаб ютуқларга эришди ва бу ютуқлар нафақат рақамли етукликнинг юқори даражасидан, балки тўпланган тажриба билан ўртоқлашишга тайёрлигидан ҳам далолат беради. Самарқандда имзоланган декларация доирасида биз билим алмашишимиз ва халқаро муносабатларни мустаҳкамлашимиз мумкин. Ўзбекистон ҳамкорлик учун, жумладан, Осиё ва Африка давлатлари билан очиқ”, — деди Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги департамент бошлиғи ўринбосари Муҳсина Ҳусанова.
Форум доирасида бир қатор тадбирлар бўлиб ўтди. Шунингдек, ялпи мажлислар, интерактив семинарлар, UNDESA бўйича электрон ҳукумат соҳасидаги ютуқлари учун 12 та давлатни тақдирлаш маросими, таништирув ташрифлари ва Ўзбекистоннинг давлат хизматларини рақамлаштириш соҳасидаги энг яхши ташаббуслари намойишлари зтказилди.
Форум доирасида Рақамли давлат бошқаруви (GovTech) ечимлари экспортини қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш дастурини ишга тушириш режалари ҳам маълум қилинди.