TOШКЕНТ, 25 июн — Sputnik. Ўзбекистон сенаторлари парламентдаги мухолифатнинг ҳуқуқларини кенгайтиришга қаратилган қонунни маъқуллашди, дея хабар берди юқори палата матбуот хизмати.
Сенатнинг саккизинчи ялпи мажлисида “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига парламентдаги мухолифатнинг кафолатланган ҳуқуқларини кенгайтиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун маъқулланди.
Қайд этилишича, мазкур ҳужжат сўз эркинлигини таъминлаш, сиёсий партияларнинг жамиятдаги ўрнини янада мустаҳкамлаш мақсадида ишлаб чиқилган.
“Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳамда сиёсий партиялар фаолиятига оид 5 та қонунга тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда. Унга кўра, ўзини парламентдаги мухолифат деб эълон қилган сиёсий партия фракциясига қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда кўриб чиқилгунига қадар ҳам ўша масалага доир қонун лойиҳасининг ёки унинг таркибий қисмининг муқобил таҳририни киритиш каби қўшимча ҳуқуқ берилмоқда”, — дейилади хабарда.
Шунингдек, ушбу фракциянинг вакиллари қуйи палатанинг бир нафар қўмита раиси ва икки нафар қўмита раиси ўринбосари лавозимларини кафолатли эгаллаши, ҳар чоракда "ҳукумат соати" ва парламент сўрови доирасида масала киритиши ҳам назарда тутилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, ўтган йили президент Шавкат Мирзиёев Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг сайловдан кейинги биринчи мажлисида парламентда мухолифатни жонлантириш зарурлигини айтган эди. Бунинг учун парламентдаги мухолифатга кафолатланган ҳуқуқлари сонини 3 тадан 6 тага ошириш, 1 нафар қўмита раиси ва 2 нафар қўмита раиси ўринбосари лавозимларини кафолатли эгаллаш, ҳар чоракда “Ҳукумат соати” ва парламент сўрови доирасида камида биттадан масала киритиш каби қўшимча ҳуқуқлар беришни таклиф қилинган.