Улан-Батордан Тошкентга авиапарвозлар йўлга қўйилади

Илк парвоз сентябрь ойига режалаштирилган.
Sputnik
TOШКЕНТ, 24 июн — Sputnik. Улан-Батордан Тошкентга авиапарвозлар йўлга қўйилади. Бу ҳақда Транспорт вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг Мўғулистонга давлат ташрифи арафасида Улан-Баторда Ўзбекистон–Мўғулистон бизнес-форуми бўлиб ўтди.
Тадбир доирасида Транспорт вазирининг биринчи ўринбосари Маманбий Омаров Мўғулистоннинг “Hunnu Air” авиакомпанияси раҳбари Пуревжав Мунхжаргал билан учрашди.
Музокара давомида “Hunnu Air” авиакомпаниясига керакли слотлар ажратилиши масаласига аниқлик киритилди ҳамда транзит йўловчиларга хизмат кўрсатиш механизми ва тартибини мувофиқлаштириш бўйича амалий чора-тадбирлар белгиланди.
“Томонлар фуқаро авиацияси соҳасида келгусидаги ҳамкорликни янада ривожлантиришга оид келишувларга эришди. Тегишли келишувга мувофиқ “Hunnu Air” авиакомпанияси жорий йил сентябрь ойида Улан-Батордан Тошкентга илк парвозни амалга оширишни режалаштирмоқда”, — дейилади хабарда.
Шавкат Мирзиёев Мўғулистонга боради — ташриф дастури