TOШКЕНТ, 22 июн — Sputnik. Ўзбекистон ва Покистон ҳамкорликни чуқурлаштиради. Бу ҳақда Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов ўзининг Telegram-каналида маълум қилди.
ТИВ раҳбари Бахтиёр Саидов Покистон бош вазири ўринбосари ва ташқи ишлар вазири, сенатор Муҳаммад Исъҳоқ Дар билан учрашди.
“Ўзбекистон ва Покистон ўртасидаги муносабатлар юқори суръат билан ривожланаётганини қайд этиб, савдо, инвестиция, транспорт ва логистика, таълим ҳамда маданий алмашинув соҳаларида кўп қиррали ҳамкорлигимизни чуқурлаштиришга қаратилган аниқ чораларни белгиладик. Олий даражадаги келишувларни яна бир бор ўз вақтида амалга оширишга келишиб олдик”, — деб ёзади вазир.
Қайд этилишича, Ҳукуматлар ўртасида лойиҳалар ва ташаббусларни тезлаштиришга хизмат қиладиган Амалий ҳаракатлар режаси имзоланди. Бу стратегик қарорларни аниқ натижаларга айлантиришга қаратилган самарали механизмдир.