TOШКЕНТ, 17 июн — Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаевнинг таклифига биноан "Марказий Осиё - Хитой" иккинчи саммитида иштирок этиш учун Остона шаҳрига жўнаб кетди, дея хабар берди давлат раҳбари матбуот хизмати.
Тадбирда минтақа давлатлари раҳбарлари ва Хитой Халқ Республикаси раиси Си Цзиньпин иштирок этади.
“Сиёсий, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳалардаги кўп томонлама ҳамкорликни янада ривожлантириш масалалари кўриб чиқилади, минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик долзарб масалалар юзасидан фикр алмашилади. Якунда қўшма ҳужжатлар қабул қилиниши кўзда тутилган”, — дейилади хабарда.
Саммит доирасида Ўзбекистон президенти Хитой раиси билан икки томонлама учрашув ҳам ўтказади.
Маълумот учун, бу форматдаги биринчи саммит Марказий Осиё давлатлари ва Хитой ўртасидаги шериклик муносабатларини мустаҳкамлаш ва амалий ҳамкорликни кенгайтириш мақсадида 2023 йил май ойида Хитойнинг Сиань шаҳрида бўлиб ўтган эди.