ТОШКЕНТ, 8 июн — Sputnik. Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги аҳолини бозорлар, кўчалар ва йўл ёқаларида сотиладиган уй шароитида тайёрланган егуликларни истеъмол қилмасликка чақирди.
Ёз фаслида кузатиладиган иссиқ ҳарорат инсон танасида баъзи муаммоларни келтириб чиқариши мумкин. Шу боис ҳар бир одам шахсий гигиена қоидаларига амал қилиши зарур.
Айтилишича, доим тоза ва озода жойларда таомланиш, сифати тез бузиладиган маҳсулотлардан сақланиш зарур.
“Бозорлар, кўчалар ва йўл ёқаларида сотиладиган уй шароитида тайёрланган егуликлар ҳамда айрон, ўрик шарбати каби қўлбола ичимликларни истеъмол қилманг. Шунингдек, мева ва сабзавотларни яхшилаб ювиб, сўнг тановул қилинг. Гўшт ва сут маҳсулотларини фақат совутгичда сақланг”, — дейилади хабарда.
Чўмилиш ҳавзаларидаги ифлосланган сув ўткир вирусли ичак инфекциялари, гепатит (А, Е), ичбуруғ, ичтерлама, лямблиоз каби хавфли касалликларни келтириб чиқаради. Шунингдек, очиқ сув ҳавзаларида сузиш турли тери хасталиклари, бурун, оғиз ва қулоқ шиллиқ қаватлари яллиғланишига ҳам олиб келиши мумкин.
“Шу боис доим фақат тоза ва дезинфекцияланган сунъий сузиш ҳавзаларида чўмилиш лозим. Шахсий сочиқ ва сузиш воситаларини ишлатиш, уларни бегона одамларники билан алмаштирмаслик зарур”, — дея қайд этилган хабарда.
Ёз фаслида совун ва антисептик геллар ёрдамида тез-тез қўлларни ювиб туриш терини озода сақлаб, зарарли бактерия ва вируслардан халос этади. Айниқса, таомланишдан олдин ва кейин ҳамда ташқаридан уйга келганда бу одатни канда қилмаслик лозим. Жазирама ҳаво инсон терисида бактерияларни кўпайтиради. Шу сабабли иссиқ кунларда тез-тез илиқ душ қабул қилиш саломатлик учун фойдали.
“Жамоат ҳожатхоналаридан фойдалангач, албатта, қўлларни совунлаб ювиш керак. Ёхуд антисептик воситаларни ишлатиш тавсия этилади. Шунингдек, жамоат жойларида эшик тутқичлари ва умумий фойдаланиладиган буюмларни ушлагандан кейин ҳам қўлларни совунлаб ювиш мақсадга мувофиқ”, — дея аниқлик киритилган хабарда.
Иссиқ кунлари қайнатилган ёки фильтрланган тоза сув ичиш танада суюқлик балансини ушлашга ёрдам беради.
“Ёз фасли қуруқ бўлгани учун чанг ва ғуборлар ҳавога тез кўтарилади. Шу боис уйларни озода сақлаш, намликни назорат қилиш ва ҳавони алмаштириб туриш жуда муҳим. Эшик тутқичлари, стол-стул ва бошқа тез ифлосланадиган жойларни дезинфекция воситалари билан тозалаш турли касалликларга чалинишнинг олдини олади”, — дейилган хабарда.
Қолаверса, иш жойида шахсий озодаликка риоя қилиш, хона ҳавосини тез-тез алмаштириб туриш, кондиционер ва вентиляторлардан тўғри фойдаланиш саломатликни сақлашда жуда муҳимлиги қайд этилган.