Иситиш мавсумида 1,2 миллион оилага моддий ёрдам берилди — Ижтимоий ҳимоя агентлиги

“Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизими орқали 2024 йилнинг ноябрь ойида 1,1 млнта оилага 290 млрд сўм – бир марталик 270 минг сўм ёрдам тўлаб берилди.
Sputnik
TOШКЕНТ, 5 июн — Sputnik. 2024-2025 йилги иситиш мавсумида 1,2 миллион оилага 313,6 млрд сўм бир марталик моддий ёрдам ва компенсация тўловлари тўлаб берилди. Бу ҳақда Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги матбуот хизмати хабар берди.
Таъкидланишича, бу энергетика тарифлари ислоҳотларининг кам таъминланган оилаларга таъсирини юмшатиш мақсадида амалга оширилди.
Агентлик томонидан “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизими орқали 2024 йилнинг ноябрь ойида 1,1 млнта оилага 290 млрд сўм – бир марталик 270 минг сўм ёрдам тўлаб берилди. Бу ижтимоий реестрдаги 950 минг оила ва маҳалла еттилигининг 15 фоизгача қўшимча рўйхати асосида тўлаб берилди.
Шунингдек, иситиш мавсумида табиий газ ва электр қувватининг базавий меъёр доирасидаги ҳамда базавий меъёрдан ошган нархлар ўртасидаги фарқ учун 207 962 нафар оилаларга 23,3 млрд. сўм компенсация тўловлари ажратилди.
Компенсация ва моддий ёрдам ажратишда улуши энг юқори бўлган ҳудудлар:
Фарғона вилоятида 40,6 млрд. сўм;
Қашқадарё вилоятида 37,3 млрд. сўм;
Наманган вилоятида 35,2 млрд. сўм ёрдамлар ажратилган.
Қайд этилишича, ушбу ёрдамлар оилаларнинг электр ва табиий газ ресурсларидан фойдаланганликдаги харажатларини камайтиришга ҳамда молиявий муаммоларни камайтиришга ёрдам беради.
Камбағал оилалар "қизил", "сариқ" ва "яшил" тоифаларга ажратилади — янги фармон