TOШКЕНТ, 4 июн — Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Жанубий Корея президенти Ли Чжэ Мённи ушбу лавозимга сайлангани билан табриклади, деб ёзмоқда давлат раҳбари матбуот котиби Шерзод Асадов ўзининг Telegram-каналида.
Қайд этилишича, Ўзбекистон етакчиси ўз мактубида Ли Чжэ Мён раҳбарлигида Корея Республикасининг интеллектуал ва иқтисодий қудрати янада ўсишига, халқаро майдондаги обрў-эътибори ва нуфузи мустаҳкамланишига ишонч билдирди.
"Биз Корея Республикаси билан дўстона ва кенг қамровли алоқаларни янги босқичга кўтаришга алоҳида эътибор қаратамиз. Аминманки, Сизнинг Президентлик даврингизда алоҳида стратегик шериклик муносабатларимиз барча устувор соҳаларда жадал ривожланади", — дейилади мактубда.
Президент мамлакатлар ўртасидаги кўп қиррали ва узоқ муддатли муносабатларни янада мустаҳкамлаш мақсадида Ли Чжэ Мённи ўзига қулай вақтда Ўзбекистонга расмий ташриф билан келишга таклиф этди.