Ўзбекистон ва ЕОИИ

ЕОИИ ҳайвонлардаги касалликларга қарши курашишда хориж тажрибасини қўлламоқчи

Бутунжаҳон ҳайвонлар соғлиғини сақлаш ташкилотининг бош сессияси бўлиб ўтди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 4 июн — Sputnik. Евроосиё иқтисодий иттифоқи (ЕОИИ) ҳуқуқий ҳужжатларига Бутунжаҳон ҳайвонлар соғлиғини сақлаш ташкилоти тавсияларини жорий этиш давом эттирилади. Бу ҳақда Евроосиё иқтисодий комиссияси (ЕИК) хабар берди.
Парижда 183 мамлакат вакиллари иштирокида Бутунжаҳон ҳайвонлар соғлиғини сақлаш ташкилотининг бош сессияси бўлиб ўтди. Унда ЕИКнинг техник жиҳатдан тартибга солиш вазири Валентин Татарицкий ва Санитария, фитосанитария ва ветеринария чора-тадбирлари департаменти директори ўринбосари Владимир Субботин ҳам иштирок этди.
Иштирокчилар ҳайвонлар ва улардан олинадиган маҳсулотларнинг халқаро савдосида хавфсизликни таъминлаш масалаларини муҳокама қилишди. Шунингдек, ҳайвонлар касалликларига қарши курашиш усуллари бўйича янги халқаро стандартлар устида олиб борилаётган ишларнинг оралиқ якунлари ва ҳайвонларни ўта хавфли касалликларга қарши эмлаш масалалари кўриб чиқилди.
Сессия доирасида Валентин Татарицкий Бутунжаҳон ҳайвонлар соғлиғини сақлаш ташкилоти бош директори Эммануэль Субейран ва ташкилотнинг Европа, Осиё ва Тинч океани минтақаси бўйича минтақавий комиссиялари вакиллари билан музокаралар ўтказди.
Унда ЕОИИ давлатларининг ветеринария соҳасидаги ваколатли органларига ташкилот стандартлари талабларини тушунтириш ва ветеринария бўйича семинарлар ўтказиш бўйича услубий ёрдам кўрсатиш масаласи кўриб чиқилди.
"Томонлар ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлашга, хусусан, ташкилотнинг халқаро стандартлари ва тавсияларини Евроосиё иқтисодий иттифоқининг ҳуқуқий ҳужжатларига жорий этишни давом эттиришга келишиб олишди", — дейилади хабарда.
Комиссия ва Иттифоқ давлатлари ветеринария органлари вакилларининг Бутунжаҳон ҳайвонлар соғлиғини сақлаш ташкилоти, шунингдек, ташкилотнинг Европа, Осиё ва Тинч океани минтақаси бўйича минтақавий комиссиялари тадбирларида келгусида иштирок этиши тўғрисида келишувга эришилди.
Айтилишича мазкур ҳамкорлик ЕОИИ мамлакатларида ҳайвонларнинг ўта хавфли касалликларига қарши курашишнинг ягона стратегиясини ишлаб чиқишни таъминлайди.
Шунингдек, ЕИК вазири Беларусь, Қозоғистон ва Россия ветеринария идоралари вакиллари билан ушбу соҳада Евроосиё иқтисодий интеграциясини ривожлантиришнинг долзарб масалалари бўйича учрашувлар ўтказди.