ТОШКЕНТ, 25 май — Sputnik. Москва ва Киев 1000 га 1000 формуласи бўйича асирларни алмашишни якунлади, яна 303 нафар жангчи Россияга қайтарилди, дея хабар берди Мудофаа вазирлиги.
"16 май куни Истанбулда эришилган Россия-Украина келишувларига мувофиқ, 23-25 май кунлари Россия ва Украина томони 1000 кишига 1000 формуласи бўйича алмашинув ўтказди," — дейилади хабарда.
Киев режими назорати остидаги ҳудудлардан яна 303 нафар россиялик ҳарбий хизматчи қайтарилди, эвазига худди шунча асир Украина Қуролли Кучларига топширилди.
Ҳозирда қайтарилган россиялик ҳарбийлар Беларусь ҳудудида бўлиб, уларга зарур психологик ва тиббий ёрдам кўрсатилмоқда. Кейин улар Россияга Мудофаа вазирлиги тиббиёт муассасаларида даволаниш ва реабилитация қилиш учун олиб келинади.
Алмашинувнинг биринчи босқичи жума куни бўлиб ўтди. Россияга 270 нафар ҳарбий хизматчи, шунингдек, 120 нафар тинч аҳоли, жумладан, Украина Қуролли Кучлари томонидан қўлга олинган Курск вилоятининг тинч аҳолиси қайтарилди.
Бунинг эвазига Украина томонига Украина Қуролли Кучларининг 270 нафар жангариси ва 120 нафар фуқароси топширилди. Бир кун олдин иккинчи босқичда 307 нафар ҳарбий Россияга қайтди, Киевга яна шунча украиналик асирлар топширилди.
Россия ва Украинанинг сўнгги уч йилдаги илк музокараларида 1000 кишига 1000 киши алмашинуви бўйича келишувга эришилди.