Ўзбекистон ва Россия ҳамкорликнинг устувор йўналишларини муҳокама қилмоқчи

Москвада Россия-Ўзбекистон конференцияси ўтказилади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 25 май — Sputnik. Москвада 27 май куни "Валдай" халқаро мунозара клуби ва Ўзбекистон стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти ўртасида "Россия ва Ўзбекистон: ҳамкорликнинг устувор йўналишлари"га бағишланган анжуман бўлиб ўтади, дея хабар берди клуб матбуот хизмати.
Анжумандан қатор сессиялар ўрин олган. Улардан бири Россия ва Ўзбекистоннинг стратегик шериклигида Евроосиёда барқарорликни таъминлаш масаласига бағишланган.
Қайд этилишича, Ўзбекистон ва Россиянинг ўзаро ҳамкорлигини мустаҳкамлаш бутун Евроосиёнинг барқарорлиги ва изчил тараққиёти учун фундаментал аҳамиятга эга. Сўнгги йилларда мамлакатлар сиёсий мулоқот ва барча даражадаги ҳамкорлик борасида сезиларли ютуқларга эришди. Томонлар асосий минтақавий муаммо ва хатарларга нисбатан ўхшаш ёндашувларга амал қилмоқда.
Савдо-иқтисодий соҳадаги ҳамкорлик ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш масаласи ҳам кўриб чиқилади.

"Савдо урушлари, глобал бозорлардаги беқарорлик, нархларнинг ўзгарувчанлиги, иқлим ўзгаришлари туфайли савдо-иқтисодий ва инвеститсиявий соҳаларда, шунингдек, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш борасидаги ҳамкорликни кучайтириш алоҳида аҳамият касб этмоқда. Бундай шароитда иқтисодий ҳамкорликни янада кенгайтириш, аграр соҳадаги кооперацияни кучайтириш ўрта муддатли истиқболда мамлакатлар ўртасидаги стратегик ҳамкорликда марказий ўринлардан бирини эгаллайди", — дейилади хабарда.

Иштирокчилар янги халқаро шароитларда технологик ҳамкорликни ривожлантириш масаласини ҳам муҳокама этишади.
Хабарга кўра, Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги технологик ва инновацион ҳамкорлик рақамли трансформация, илмий-техник тараққиёт ва саноатни модернизация қилиш каби муҳим йўналишларни қамраб олади. Инновацион иқтисодиётни яратиш, юқори технологияларни ривожлантириш ва тадқиқот ташаббусларини қўллаб-қувватлаш борасидаги умумий устуворликлар икки томонлама ҳамкорлик учун мустаҳкам асос яратади. Технологик ечимлар ва илмий ишланмаларнинг ўзаро интеграцияси кооперациянинг муҳим элементи ҳисобланади.