Ўзбекистон ва Венгрия кенгайтирилган стратегик шериклик муносабатларини ўрнатди

Будапештдаги музокаралар якунида қўшма декларация имзоланди.
Sputnik
TOШКЕНТ, 21 май — Sputnik. Будапештда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Венгрия бош вазири Виктор Орбан ҳамкорликка оид ҳужжат имзолашди, дея хабар берди давлат раҳбари матбуот хизмати.
“Будапешт шаҳрида бўлиб ўтган музокаралар якунида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Венгрия Бош вазири Виктор Орбан Кенгайтирилган стратегик шериклик муносабатларини ўрнатиш тўғрисидаги қўшма декларацияни имзоладилар”, — дейилади хабарда.
Шунингдек, етакчилар ҳузурида қабул қилинган қатор ҳукуматлараро ва идоралараро ҳужжатлар, жумладан, Экстрадиция тўғрисидаги шартнома, Иқлим ўзгариши соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги битим, табиий офатларни бошқариш, илм-фан ва инновациялар, тинч атом соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги идоралараро келишувлар алмашилди.
Мирзиёев ва Орбан ўртасидаги музокараларда қуйидагилар маълум қилинди:
товар айирбошлаш ҳажмини, шу жумладан импорт ўрнини босиш ва "GSP+" мақоми ҳисобига биринчи босқичда 500 миллион еврога етказиш муҳимлиги қайд этилди;
бугунги кунда қўшма инвестиция лойиҳалари портфели 500 миллион долларни ташкил этади. Бу галги ташриф учун яна 1,5 миллиард евролик янги лойиҳалар тайёрланган;
Ўзбекистон-Венгрия Ишбилармонлар кенгаши фаолиятини қайта тиклаш ва яқин фурсатда унинг навбатдаги йиғилишини бизнес вакилларининг кенг иштирокида ўтказиш таклиф қилинди;
келгуси йилни Ўзбекистон ва Венгрия маданияти йили деб эълон қилиш таклифи билдирилди;
Венгрия давлат опера театри саҳнасида "Лазги" балетини саҳналаштириш ва Будапештдаги Этнография музейида ўзбек маданияти кўргазмасини ўтказишга тайёргарлик кўрилмоқда;
жорий йилда Тошкентда Ўзбекистон ва Венгрия ректорларининг учинчи форумини ўтказиш таклиф қилинди.
Ўзбекистон ва Венгрия янги лойиҳаларни амалга оширишга келишиб олди