Наманганда навбатдаги гуллар фестивали бўлиб ўтади

Фестиваль учун шаҳарга 100 миллиондан ортиқ гул экилди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 21 май — Sputnik. Наманганда 25 майдан 29 июнга қадар 64-Халқаро гуллар фестивали ўтказилади. Унга 300 мингдан ортиқ хорижий, 8 миллион нафар маҳаллий сайёҳ ташрифи кутилмоқда, дея хабар берди Туризм қўмитаси матбуот хизмати.
“Ҳар йили нафақат юртимиз, балки хориждан ҳам минглаб сайёҳларни жалб этадиган мазкур фестивалга тайёргарлик доирасида шаҳарга 100 миллиондан ортиқ, жумладан, кўча-хиёбонларга 45 миллион, Бобур, Афсона ва Янги Ўзбекистон боғларига 65 миллион туп гул экилди”, — дейилади хабарда.
Байрам анъанавий автопарад билан бошланади.

“Табиий гуллар билан безатилган 200 тадан ортиқ турли русумдаги автомашиналар вилоят марказининг асосий кўчалари бўйлаб Наманган халқаро аэропорти олдидан Заҳириддин Муҳаммад Бобур номидаги маданият ва истироҳат боғи олдигача бўлган 10 километрдан зиёдроқ йўлни босиб ўтади”, — дея қайд этилган хабарда.

Боғда фестиваль меҳмонларига хорижий ва маҳаллий иштирокчилар томонидан махсус майдонларда табиий гуллардан яратилган турли композициялар, дизайн ва декорациялар намойиш этилади.
Фестивал кунлари 100 тадан ортиқ маданий тадбирлар ўтказилади.
Маълумот учун, мазкур фестиваль Туризм қўмитаси ва Наманган вилояти ҳокимлигининг туризм бошқармаси ҳамкорлигида ташкил этилмоқда.
Тошкентдаги Гуллар фестивали — ёрқин фотолар