Ўзбекистонга хориждан пул ўтказмалари ҳажми ошди — Марказий банк

Январь-март ойларида пул ўтказмалари 32 фоизга ўсди.
Sputnik
TOШКЕНТ, 20 май — Sputnik. Ўзбекистонга хориждан пул ўтказмалари ҳажми 32 фоизга ошди. Бу ҳақда Марказий банкнинг пул-кредит сиёсати шарҳида маълум қилинган.
Қайд этилишича, 2025 йилнинг январь-март ойларида пул ўтказмалари 32 фоизга ўсиб, 3,3 млрд долларни ташкил этди.
“Юқори ўсиш асосий савдо ҳамкорларнинг валюталари мустаҳкамланиши ҳамда меҳнат ҳақи юқорироқ давлатларга мигрантлар оқими ошиши билан изоҳланмоқда”, — дейилади пул-кредит сиёсати шарҳида.
Пул ўтказмаларининг ижобий динамикаси ва иқтисодиётда иш ҳақининг ошиши аҳолининг умумий реал даромадларининг ошишига хизмат қилиб, ушбу кўрсаткич ўсиши биринчи чоракда 9,8 фоизни ташкил этди.
Аҳоли жон бошига реал даромадлар эса ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 7,6 фоизга ошди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонга 2024 йилда келиб тушган пул ўтказмалари 14,8 млрд долларни ташкил қилгани хабар қилинган эди. Пул ўтказмалари ҳамжи 2023 йилга нисбатан 30 фоизга ошган. Маблағларнинг 77 фоизи Россиядан (11,5 млрд доллар) келиб тушган.
Ўзбекистонга энг кўп пул қайси давлатдан ўтказилмоқда — инфографика