TOШКЕНТ, 19 май — Sputnik. Москвадаги Халқ хўжалиги ютуқлари кўргазмаси (ВДНХ) мажмуасида “Баҳор” гуруҳи раҳбари Мукаррама Турғунбоева таваллудининг 112 йиллигига бағишланган хотира тадбири ташкил этилади. Бу ҳақда “Нилуфар” рақс гуруҳи Sputnik Ўзбекистон мухбирига маълум қилди.
ВДНХ мажмуасидаги “Ўзбекистон павильони”да 31 май куни, соат 15:00 да “Нилуфар” рақс гуруҳининг (режиссёр ва хореограф Элвира Гаидбоева) юбилей мусиқий кечаси ўтказилади.
Тадбир СССР халқ артисти ва кўплаб Давлат мукофотлари лауреати, афсонавий “Баҳор” гуруҳи раҳбари Мукаррама Турғунбоева таваллудининг 112 йиллигига бағишланди.
“Нилуфар” гуруҳи концертида гуруҳ репертуаридаги энг сара рақслар, жумладан, “Нилуфар”, “Ўзбекистон юлдузлари”, “Тановар”, “Муножот”, “Аста-аста” ва бошқалар ўрин олган.
Кечада эстрада хонандалари Ихтиандр Кадиров, Ирода Турдиева ҳамда Москва давлат лингвистик университети талабалари иштирок этади.
Тадбир Ўзбекистоннинг Россия Федерациясидаги элчихонаси кўмагида ўтказилмоқда. Тадбир ташаббускорлари ва ҳаммуаллифлари: Москва давлат лингвистик университетининг Ўзбек тили ва маданияти маркази, “Анор гуллари” анъанавий маданий ва оилавий қадриятларни сақлаш ва ривожлантириш халқаро жамоат ташкилоти.
Маълумот учун, Мукаррама Турғунбоева 1913 йил 31 май куни Фарғона водийсида туғилган. Турғунбоева томонидан яратилган "Тановар", "Муножот" каби рақс санъати дурдоналари ХХ асрнинг нодир рақслари туркумига кирди. "Баҳор" рақс ансамбли 1957 йилда тузилган. 2020 йилда "Баҳор" ансамбли қайта ташкил этилди.