ТОШКЕНТ, 18 май — Sputnik. Ўзбекистон мерганлари Туркияда ўтказилган халқаро мусобақада олтин медални қўлга киритди, дея хабар берди Мудофаа вазирлиги ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти.
Туркияда 5-16 май кунлари V Халқаро “Энг илғор мерганлар жамоаси” мусобақаси ўтказилди. 15 давлатнинг 40 дан ортиқ жамоалари иштирокидаги беллашувда Ўзбекистон Мудофаа вазирлигининг мерганлар жамоаси ҳам қатнашди.
“Командо” тоғ-ўқув машқлар марказида ўтказиган мусобақада Ўзбекистон, Туркия, Покистон, Қатар, Озарбайжон, Италия, Бирлашган Араб Амирликлари сингари ўндан ортиқ давлат, шунингдек кузатувчи мақомида Туркманистон, Қозоғистон, Буюк Британия ва Қувайт иштирок этди.
Мусобақа иштирокчилари гуруҳларга бўлиниб, бир-биридан мураккаб 15 га яқин шартлар бўйича баҳс олиб борди.
Ҳарбий жамоалар қуйидаги шартларни бажарди:
Юқори бурчак остида ўқ отиш;
Газниқоб тақиб, жанговар ўқ отиш;
Ноаниқ масофаларга ноқулай истеҳкомдан ўқ отиш;
Турли тўсиқлар ортидан ўқ отиш;
Ҳаводаги вертолётдан ўқ отиш;
Оролни ҳимоя қилиш ва қайиқдан жанговар ўқ отиш;
Нишонга сездирмай яқинлашиб ўқ отиш;
5 км масофадан юк ва қурол билан югуриб келиб, совуқ стволдан ўқ отиш;
Тунда номалум масофаларга ўқ отиш;
Сюрприз шартлари.
Айтилишича, вазифалар мураккаб бўлган. Шунга қарамай, ўзбекистонлик ҳабийлар нишонларни муддатидан олдин яксон этган.
“Қарийиб 10 кун давом этган беллашувларда хорижий давлат армияларининг 48 та жамоаси ичида Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги ҳарбий хизматчилари фахрли 1-ўринни қўлга киритди ва олтин медалга сазовор бўлди”, дейилади хабарда.
Маълумот учун, мусобақада Мудофаа вазирлиги жамоаси 4-маротаба иштирок этмоқда ва 2022-2023 йилларда 2-ўринни ҳамда 2024-2025 йилларда 1-ўринни эгаллаган.