Энди хориждан депорт қилинган ўзбекистонликларга 2 йил “загран” паспорт берилмайди

Янги қарор: истисно ҳолатлар ИИВ томонидан белгиланади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 14 май — Sputnik. Энди Ўзбекистоннинг халқаро шартномаларига мувофиқ реадмиссия қилинган фуқароларга икки йил давомида хорижга чиқиш биометрик паспортини бериш бўйича давлат хизмати кўрсатилмайди. Бу ҳақда Миграция агентлиги Ҳукумат қарорига таяниб хабар берди.
Айтилишича, "Меҳнат миграцияси жараёнларини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги Ҳукумат қарори қабул қилинди.
2025 йил 1 сентябрдан қуйидаги маълумотлар Миграция агентлиги томонидан Миграция жараёнларига доир маълумотларнинг ягона электрон базаси орқали юритилади:
хорижий давлатнинг қонунчилик ҳужжатларини бузиши натижасида депортация қилинган;
Ўзбекистоннинг халқаро нуфузига ва обрў-эътиборига салбий таъсир кўрсатувчи хатти-ҳаракатларни содир этган.
Ягона маълумотлар базасига электрон реестр сифатида қуйидагилар киритилади:
Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазирлиги томонидан хориждаги дипломатик ваколатхоналар ва консуллик муассасаларидан олинган маълумотлар;
Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазирлиги томонидан халқаро шартномаларга мувофиқ реадмиссия қилинган шахслар ҳақидаги маълумотлар;
Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги миграция агентлиги ва унинг хориждаги ваколатхоналаридан (вакилларидан) олинган маълумотлар.
"Ўзбекистоннинг халқаро шартномаларига мувофиқ реадмиссия қилинган фуқароларга икки йил давомида хорижга чиқиш биометрик паспортини бериш бўйича давлат хизмати кўрсатилмайди", — дейилади хабарда.
Бунда реадмиссия қилинган фуқароларга чет элга чиқиши учун биометрик паспорти расмийлаштириб бериладиган истисно ҳолатлар Ички ишлар вазирлиги томонидан белгиланади.
Реадмиссия қилинган шахслар — Ўзбекистон ва бошқа давлатлар ўртасидаги халқаро келишувлар асосида ўз ихтиёри билан ёки мажбурий равишда Ўзбекистонга қайтарилган фуқаролар. Агар бирор ўзбекистонлик фуқаро чет элда ноқонуний қолган, визаси тугаган, депортация қилинган бўлса Ўзбекистон томонидан қабул қилинади — бу жараён реадмиссия деб аталади.