TOШКЕНТ, 12 май — Sputnik. Ўзбекистон Афғонистонга қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етказиб берди, дея хабар берди Қишлоқ хўжалиги вазирлиги матбуот хизмати.
Айтилишича, Афғонистон қишлоқ хўжалиги, ирригация ва чорвачилик вазири бошчилигидаги расмий делегация Ўзбекистонга ташриф буюрди. Улар Тошкент ва Самарқанд вилоятларидаги аграр корхоналар, агрокластерлар ва илмий-тадқиқот марказлари фаолияти билан яқиндан танишди.
Шунингдек, қишлоқ хўжалигини рақамлаштириш, ҳосилдор уруғчилик, замонавий суғориш технологиялари ҳамда қайта ишлаш саноати йўналишларида эришилган ютуқлар билан таништирилди.
“Ҳамкорлик алоқаларини янада мустаҳкамлаш мақсадида Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги вазирлиги томонидан Афғонистон фермерлари ва аграр тузилмаларига беғараз ёрдам тариқасида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етказиб берилди”, — дейилади хабарда.
Қуйидагилар топширилди:
об-ҳаво шароитларига чидамли, сертификатланган 5 тонна чигит (200 гектар ер майдони учун);
20 тонна шоли (100 гектар майдон учун);
500 килограмм мош (25 гектар учун);
187 килограмм сабзавот уруғлари;
600 килограмм полиз экинларининг сараланган, юқори сифатли уруғлари.