Шаҳрисабз аэропорти илк бор ўрта масофаларга мўлжалланган самолётни қабул қилди

Шаҳрисабз аэродроми эндиликда ўрта масофага учувчи самолётларни қабул қилиш имкониятига эга бўлди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 11 май — Sputnik. Шаҳрисабз аэропорти илк бор ўрта масофаларга мўлжалланган ATR-72 самолётини қабул қилди, дея хабар берди Uzbekistan Airports.
Шаҳрисабз аэропорти "Silk Avia" авиакомпаниясининг ATR 72-600 самолётида Тошкент – Шаҳрисабз йўналишида амалга оширилган биринчи рейсини қабул қилди.
“Шу тариқа, 18 майдан бошлаб "Silk Avia" авиакомпанияси Тошкентдан Шаҳрисабзга ATR 72-600 самолётларида ҳафтасига тўрт марта – сешанба, пайшанба, жума ва шанба кунлари парвозларни амалга ошира бошлайди”, — дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Шаҳрисабзга парвозлар кичик сиғимга эга Let L-410 самолётларида амалга оширилган. Учиш-қўниш йўлаги ва юриш йўлагининг капитал таъмирланиши туфайли Шаҳрисабз аэродроми эндиликда ўрта масофага учувчи самолётларни қабул қилиш имкониятига эга бўлди.