Улуғ Ватан урушидаги Ғалабанинг 80 йиллиги

Хотира ва қадрлаш куни ҳамда Ғалабанинг 80 йиллиги: Мирзиёев Ўзбекистон халқини табриклади

Президент фахрийларни, бутун Ўзбекистон халқини самимий табриклаб, барчага сиҳат-саломатлик, бахт ва омад, хонадонларга файзу барака тилади.
Sputnik
TOШКЕНТ, 9 май — Sputnik. Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон халқига Хотира ва қадрлаш куни ҳамда Иккинчи жаҳон урушида қозонилган буюк Ғалабанинг 80 йиллиги муносабати билан табрик йўллади.
“Мана шу ҳаяжонли, айни пайтда изтиробли дамларда инсониятни фашизм балосидан халос этишга муносиб ҳисса қўшган қаҳрамон аждодларимизни ёд этиб, уларнинг ёрқин хотираси олдида таъзим қиламиз. Бугунги кунда Янги Ўзбекистонни барпо этишда олтинга тенг дуолари, маслаҳатлари билан фаол иштирок этиб келаётган муҳтарам уруш ва меҳнат фахрийларига алоҳида қутлов ва ташаккурларимизни изҳор этамиз”, - дейилади табрикда.
Ҳужжатларнинг далолат беришича, фашизмга қарши қонли жангларда ўша пайтда 6 миллион 800 минг нафарни ташкил этган Ўзбекистон аҳолисининг қарийб 2 миллион нафари иштирок этган. Шундан 540 мингга яқини ҳалок бўлган, 158 минг нафари бедарак йўқолган, 50 мингдан ортиғи концлагерларда мислсиз қийноқ ва азоблар туфайли ҳалок бўлган, 60 мингдан зиёди ногирон бўлиб қайтган.
“Ўзбекистонлик аскар ва офицерлардан 214 мингга яқини жанговар орден ва медаллар билан мукофотлангани, 301 нафари Совет Иттифоқи Қаҳрамони деган юксак унвонга, 70 нафардан зиёди учала даражадаги “Слава” орденига сазовор бўлгани, ҳеч шубҳасиз, юртимиз вакиллари томонидан уруш майдонларида кўрсатилган жасорат ва матонатнинг юксак амалий эътирофидир”, - дейди президент табрик сўзида.
Таъкидланишича, уруш олови ичида қолган ҳудудлардан Ўзбекистонга 170 дан ортиқ завод ва фабрика кўчириб келтирилган, қисқа муддатда 280 та янги корхона бунёд этилган.
Ўзбекистон халқи ғоят оғир ва мураккаб шароитда уруш ҳудудларидан олиб келинган 1 миллион 500 мингга яқин инсонни, жумладан, ота-онасидан жудо бўлган 250 минг нафар етим болани бағрига олиб, уларга меҳр-мурувват кўрсатган.
“Бу йил Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва ногиронларига 10 минг АҚШ доллари миқдорида, ушбу тоифага тенглаштирилган шахсларга 25 миллион сўм, меҳнат фронти қатнашчиларига 3 миллион сўмдан бир марталик пул мукофотлари ва “Иккинчи жаҳон урушидаги ғалабанинг 80 йиллиги” юбилей медаллари топширилгани муҳтарам фахрийларимизга эътибор ва ғамхўрликнинг яна бир амалий ифодаси бўлди”, - дейилади табрикда.
Президент фахрийларни, бутун Ўзбекистон халқини самимий табриклаб, барчага сиҳат-саломатлик, бахт ва омад, хонадонларга файзу барака тилади.
Улуғ Ватан урушидаги Ғалабанинг 80 йиллиги
Ҳаммамиз ватан ҳимоясига ҳар куни тайёр бўлишимиз керак — Шавкат Мирзиёев