Сиртқи таълим шаклига қабул тугатилади — янги фармон

Фармонга кўра, 2025/2026 ўқув йилидан кундузги таълимдан бошқа муқобил таълим шакллари бўйича қабул квоталари ошириб борилади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 7 май — Sputnik. Ўзбекистонда Таълим сифатини таъминлаш миллий агентлиги ташкил этилади. Бу ҳақда президент имзолаган тегишли фармонда назарда тутилган.
“Таълим сифатини таъминлаш ва таълим хизматлари кўрсатиш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” ги президент фармони қабул қилинди.
“Таълим сифатини таъминлаш миллий агентлиги ташкил этилади. Агентлик мазкур соҳада махсус ваколатли давлат органи ҳисобланади. Агентлик ўрта махсус, касбий, олий ва олий таълимдан кейинги таълим, шунингдек, кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш ташкилотларини (таълим ташкилотлари) комплекс ва махсус давлат аккредитациясидан ўтказади”, — дейилади ҳужжат матнида.
Бунда:
комплекс давлат аккредитацияси ҳар 5 йилда таълим ташкилотларини ташқи баҳолаш натижалари асосида ўтказилади;
махсус давлат аккредитацияси кадрлар тайёрлаш йўлга қўйилаётган таълим дастурлари бўйича ўқув жараёни бошланишидан олдин ўтказилади.
Шунингдек, агентлик таълим ташкилотлари битирувчиларининг замонавий меҳнат бозори талабларига мослигини ўрганиш мақсадида Умуммиллий иш берувчилар сўровномасини ўтказади.
Шу йилнинг 1 июлидан янги ташкил этиладиган таълим ташкилотлари фаолиятини йўлга қўйиш 2 босқичда амалга оширилади:
1-босқичда фаолиятни бошлаш учун ўрта махсус, касбий, олий ва олий таълимдан кейинги таълим ташкилотлари ўрнатилган тартибда лицензияланади, кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш таълим ташкилотлари хабардор қилиш тартибида ташкил этилади;
2-босқичда таълим ташкилотларининг кадрлар тайёрлаш йўлга қўйиладиган таълим дастурлари махсус давлат аккредитациясидан ўтказилади.
“Бунда махсус давлат аккредитациясидан ўтмаган таълим дастурлари бўйича таълим олувчиларни ўқишга қабул қилишга йўл қўйилмайди. Махсус давлат аккредитациясидан ўтмасдан қабул жараёнини амалга ошириш лицензия талаб ва шартларини қўпол равишда бузиш деб баҳоланади ва таълим ташкилотига берилган лицензиянинг бекор қилинишига асос бўлади”, — дейилган ҳужжатда.
Фармонга кўра, 2025/2026 ўқув йилидан таълимнинг сиртқи шаклига қабул тугатилади ҳамда кундузги таълимдан бошқа муқобил таълим шакллари бўйича қабул квоталари ошириб борилади.
Шунингдек, 2025/2026 ўқув йилидан:
олий таълим ташкилотларининг муқобил таълим шакллари бўйича умумий қабул квотасини кундузги таълим шакли қабул натижасининг 50 фоизидан оширишга йўл қўйилмайди;
магистратура босқичида муқобил таълим шакллари асосида илмий-педагогик кадрларни тайёрлашга рухсат берилади;
олий таълим ташкилотларида муқобил таълимнинг кредит-модул тизимига асосланган мақбуллаштирилган кундузги таълим шакли (part-time education) бўйича ўқитиш йўлга қўйилади;
муқобил таълим шаклларига талабаларни белгиланган меъёрдан ортиқча қабул қилиш лицензия талаб ва шартларини қўпол равишда бузиш деб баҳоланади ҳамда лицензияни бекор қилиш учун асос ҳисобланади.
Қолаверса, ҳар бир таълим ташкилоти таркибида ички таълим сифати аудитини амалга оширишга масъул ички таълим сифати назорати бўлимлари ташкил этилади.
Тиббиёт, таълим, маданият ва спорт йўналишларида давлат-хусусий шериклик кенгайтирилади