Космик аппарат ерга қулаши мумкин — Uzcosmos ўзбекистонликларга қандай тавсия берди?

Uzcosmos: бўлаклар топилган тақдирда, бу ҳақда зудлик билан расмийларга хабар бериш тавсия этилади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 7 май — Sputnik. “Космос-482” сайёралараро космик аппаратнинг Ўзбекистон ҳудудига тушишининг эҳтимоли ҳозирча 0,3-0,5% оралиғида баҳоланмоқда. Бу ҳақда Uzcosmos агентлиги Янги технологияларни тадбиқ қилиш бўлими бошлиғи Аҳрор Агзамов Sputnik Ўзбекистон мухбирига маълум қилди.
Айтилишича, ижтимоий тармоқларда бундан 53 йил олдин "Венера-8" миссияси доирасида учирилган “Космос-482” сайёралараро космик аппаратнинг ерга қулаши билан боғлиқ хабарлар кенг муҳокама қилинмоқда.
Бир қатор манбалар унинг геолокацияси Осиё ёки Марказий Осиё давлатлари ҳудудига тўғри келиши мумкинлигини тахмин қилишмоқда.
Uzcosmos кутилаётган мазкур ходиса юзасидан маълумотлар тақдим этди. Агентлик бўлим бошлиғи Аҳрор Агзамовнинг маълум қилишича, 1972 йил 31 мартда Собиқ Совет Иттифоқининг “Венера” дастури бўйича “Космос-482” сайёралараро космик аппарати фазога учирилган. Бироқ ракета-ташувчининг якуний босқичи муваффақиятсиз ишлаши оқибатида у Ер орбитасида қолиб кетган.
“Тахминий ҳисоб-китобларга кўра, аппарат қолдиқларининг ерга қулаши 9-11 май кунларига тўғри келиши мумкин. Ҳозирча "Космос-482"нинг аниқ қаерга қулашини айтиш бироз мушкул. Унинг Ўзбекистон ҳудудига тушишининг эҳтимоли эса ҳозирча 0,3-0,5% оралиғида баҳоланмоқда”, — дея тушунтирди мутахассис.
Аппаратнинг катта қисми атмосферага кириши билан ёниб кетса-да, Венеранинг оғир шароитларида қўниш ва ишлаш учун мўлжалланган ярим тоннага (500 кг) яқин массали титан шари алоҳида хавф туғдиради. Бу компонент ер атмосферасига киришда омон қолади ва бутунлай қулаб тушади.
Парашют борлигига қарамай, коинотда 53 йил бўлганидан кейин у ишламаслиги мумкин. Ерга урилиш тезлиги эса соатига 500 км гача етиши кутилмоқда.

“Бўлаклар топилган тақдирда, бу ҳақда зудлик билан расмийларга хабар бериш ва ҳеч қандай ҳолатда аппарат қолдиқлари билан алоқада бўлмаслик тавсия этилади, чунки улар таркибида хавфли кимёвий моддалар бўлиши мумкин”, — дейди Агзамов.

Қайд этилишича, собиқ Тошкент машинасозлик конструкторлик бюроси мазкур "Венера" дастурининг сўнгги босқичларида муносиб иштирок этган. У "Венера-13 ва 14" (1982) ва "Вега-1 ва 2" (1985) аппаратлари учун грунт олиш ва бурғилаш қурилмаларини лойиҳалаштирган ва ишлаб чиқарган. Уларни синовдан ўтказиш эса Тошкент вилоятидаги Невич қишлоғида жойлашган синов марказида амалга оширилган.
.