TOШКЕНТ, 5 май — Sputnik. Олий Мажлис Қонунчилик палатасида “Тараққиёт блоки” ташкил этилди, дея хабар берди қуйи палата матбуот хизмати.
Қайд этилишича, Ўзбекистон Либерал-демократик партияси (ЎзЛиДеП)фракцияси ҳамда “Миллий тикланиш” демократик партияси фракцияси “Тараққиёт блоки”ни ташкил этиш юзасидан битим имзолади.
Фракция Либерально-демократической партии Узбекистана и фракция Демократической партии "Миллий тикланиш" подписали соглашение о создании "Прогрессивного блока".
© Законодательная палата Олий Мажлиса Республики Узбекистан
Блок 93 нафар депутатни бирлаштириб, парламентдаги кўпчиликни ташкил этади ва етакчи сиёсий кучга айланади.
Мазкур блокни тузишдан асосий мақсад – икки партия фракциялари саъйи-ҳаракатларини бирлаштириш орқали партияларнинг дастурий мақсад ҳамда вазифаларини самарали амалга оширишга эришишдан иборат.
“Партияларнинг парламентда ягона куч сифатида бирлашишига дастурий мақсадлар, сиёсий мафкура ва йўналишлар муштараклиги ва ғоявий уйғунлиги, шунингдек кўп йиллик фаолият давомида тўпланган амалий тажриба асос бўлиб хизмат қилади”, — дейилган хабарда.
Блок барқарор иқтисодий ўсиш орқали аҳоли фаровонлигини таъминлаш, миллий манфаатларни қатъий ҳимоя қилиш, кўп асрлик миллий-тарихий тажрибага таяниб фаолият юритишни муҳим деб ҳисоблайди.
Партияларнинг жамият ва давлат учун долзарб масалаларни ҳал этишдаги ҳамкорлик тажрибаси ушбу амалиётни парламент фаолиятига татбиқ этиш имконини беради.
“Мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишини жадаллаштириш, миллий манфаатларни рўёбга чиқариш ва юрт тараққиётини таъминлашга қаратилган муҳим қарорлар қабул қилиш жараёнларида иккала партия ягона куч сифатида фаол иштирок этиши учун зарур шароитлар яратилади”, — дея қўшимча қилинган хабарда.
“Тараққиёт блоки”нинг устувор фаолият йўналишлари:
миллий иқтисодиётда давлат иштирокини қисқартириш ва экспорт салоҳиятини ошириш, монопол соҳаларни бозор тамойилларига ўтказиш;
ҳар бир фуқаронинг хусусий мулк ҳуқуқи дахлсизлигини таъминлаш, фуқароларнинг иқтисодий фаолият эркинлигини рағбатлантириш орқали аҳоли турмуш даражасини ошириш учун зарур шарт-шароитлар яратиш;
сўз эркинлигига қарши ҳар қандай уринишларга қарши туриш ва мустақил нодавлат матбуот тизимини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш ҳамда эркинлик ва очиқлик сиёсатини изчил давом эттириш;
таълим сифатини ошириш ва инсон салоҳиятини ривожлантириш, нодавлат таълим муассасаларини қўллаб-қувватлаш, давлат ва нодавлат таълим ташкилотлари ўртасида соғлом рақобат муҳитини шакллантириш;
соғлиқни сақлаш тизимини рақамлаштириш, тиббий суғуртани жорий қилиш, нодавлат тиббиёт ташкилотларини ривожлантириш;
солиқ маъмурчилиги тизимини соддалаштириш, барча тадбиркорлар учун солиқни тўлаш борасида адолатли ва тенг шароитлар яратиш, солиқ ставкаларининг ўзгармаслигини таъминловчи сиёсат юритиш;
давлат бюджети харажатларини қисқартириш, рақамлаштириш орқали бюрократияни бартараф этиш, давлат хизматларини кўрсатишда хусусий сектор иштирокини кенгайтириш;
фуқароларга шахсий танлов имконини берувчи хусусий жамғарма пенсия тизимини яратиш, рақобатбардош ва бозор механизмлари орқали бошқариладиган замонавий, шаффоф пенсия тизимига ўтиш;
мамлакат суверенитети ва хавфсизлигини кафолатлаш.
Хабарга кўра, иккала партия дастурий қарашлар, мақсад ва вазифалар жиҳатидан ўзаро яқин. Сиёсий майдонда ҳар икки партия ғоявий жиҳатдан ўнг қанотда жойлашган, ЎзЛиДеП ўнг-марказ, “Миллий тикланиш” демократик партияси эса ўнг партия ҳисобланади.
Маълумот учун, Қонунчилик палатасида 5 та сиёсий партия фракцияси тузилган. Фракция сиёсий партиядан кўрсатиладиган депутатлар томонидан партия манфаатларини қуйи палатада ифодалаш мақсадида тузиладиган депутатлар бирлашмасидир.