ТОШКЕНТ, 5 май — Sputnik. Ўзбекистон Энергетика вазирлиги “Мустақиллик-25” конидаги 202-қудуқда юз берган ҳолатга изоҳ берди.
Қайд этилишича, бугун соат тонгги 6:10 да “Мустақиллик-25” конидаги 202-қудуқда таркибида водород сулфиди юқори бўлган газнинг катта босим билан отилиши ва натижада фонтанланиш ҳолатининг қайталаниши кузатилди.
“Таркибида водород сулфиди юқори бўлган газнинг тарқалишини олдини олиш мақсадида газ оқими назорат остида ёқиб юборилди. Айни пайтда барча зарур тадбирлар хавфсизлик чораларига тўлиқ риоя қилинган ҳолда амалга оширилмоқда”, — дейилади хабарда.
Ҳодиса содир бўлган ҳудуд тегишли хизматлар томонидан ўраб қўйилган ва ҳозирги вақтда ушбу ҳудуд Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, “Саноатконтехназорат” давлат инспекцияси ҳамда Очиқ нефт ва газ фаввораларининг олдини олиш ҳамда уларни бартараф этиш бўйича Ўзбекистон ҳарбийлаштирилган қисми мутахассислари томонидан доимий назорат қилинмоқда.
Хабарда юзага келган ҳодиса яқин атрофдаги аҳоли пунктлари учун хавф туғдирмаслиги айтилган.
Эслатиб ўтамиз, 27 март куни мазкур қудуқда таркибида водород сулфиди юқори бўлган газнинг чиқиши қайд этилган. Экологик хавфсизликни таъминлаш мақсадида қудуқ назорат остида ёқиб қўйилган. 22 апрель куни қудуқ ўқининг ғовланиб тушгани ва колонна чиқиб кетиши натижасида фонтанланиш тўхтаган, ҳодиса жойида газнинг суст оқими (грифон) кузатилган.
Аварияни бартараф этиш мақсадида ҳодиса жойида хориждан жалб этилган мутахассислар ҳам фаолият олиб бормоқда.