Ҳунармандчилик сайёҳлик бренди: Ўзбекистон ва Россия танлов эълон қилди

Танловнинг мукофот жамғармаси биринчи ўрин учун 10 миллион сўм этиб белгиланди.
Sputnik
TOШКЕНТ, 5 май — Sputnik. Ўзбекистон ҳунармандчилигини туризм бренди сифатида тарғиб этиш бўйича танлов эълон қилинди, дея хабар берди Туризм қўмитаси.
Туризмни ривожлантириш илмий-тадқиқот институти ва Россиянинг Олий иқтисодиёт мактаби "HSE CREATIVE OPEN: ҳунармандчилик бренд сифатида" халқаро танловини "Замонавий дизайнда Ўзбекистон Республикаси маданияти" йўналиши бўйича ўтказмоқда.
Танловнинг мақсади Ўзбекистоннинг номоддий маданий меросини акс эттирувчи ва унинг жаҳон туризми учун аҳамиятини кўрсатиб берувчи замонавий дизайн ечимларини топишдан иборат.
Танлов бутун дунё олий таълим муассасалари талабалари учун очиқ.
“Иштирокчиларнинг вазифаси анъанавий ҳунармандчилик, мусиқа, рақс ва урф-одатлар элементларини замонавий дизайнга сингдирган лойиҳаларни яратишдан иборат. Бундай лойиҳалар Ўзбекистонга маданий манзил сифатидаги қизиқишни сезиларли даражада кучайтиради ва сайёҳлик салоҳиятини ёритишга ёрдам беради”, — дейилади хабарда.
Танловга тақдим этилган иш асл концепцияси ва график ечими билан ажралиб туриши керак. Номинацияда иштирок этиш учун тугалланган лойиҳалар ҳам, муносиб визуализацияга эга концептуал ғоялар ҳам қабул қилинади.
Якуний лойиҳанинг таркиби:
лойиҳанинг муқоваси ва номи;
танланган маданий элемент бўйича тадқиқотнинг қисқача шарҳи;
концепцияни шакллантириш (жойлашув, мақсадли аудитория, ноёб таклиф);
Шахс ёки мавзунинг визуал гипотезалари, бир нечта (6-10) оммавий ахборот воситалари, реклама коммуникациялари, ижтимоий медиа дизайни, товар билан ечим ишлаб чиқишнинг батафсил версияси.
Танловнинг мукофот жамғармаси:
1.
биринчи ўрин учун - 10 миллион сўм;
2.
иккинчи ўрин учун - 7 миллион сўм;
3.
учинчи ўрин учун - 5 миллион сўм.
Ишлар 20 майгача қабул қилинади, натижалар эса 24 май куни эълон қилинади.