Матбуот маркази

Ўзбекистон Россиянинг Свердловск вилояти учун ишончли ҳамкор — губернатор ўринбосари

Россия Федерациясининг Свердловск вилояти губернатори ўринбосари ИННОПРОМ халқаро саноат кўргазмасида иштирок этаётган вилоят корхоналари ҳақида гапириб берди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 29 апр — Sputnik. Ўзбекистон Свердловск вилояти учун ишончли ҳамкор бўлиб, фаол ташқи савдомиз бўлган бешта давлат қаторига киради, деди Россия Федерациясининг Свердловск вилояти губернатори ўринбосари Дмитрий Ионин Sputnik Ўзбекистон матбуот марказида.

“Биз кўргазмада беш йилдан бери иштирок этмоқдамиз. Мазкур тадбир анъанавий тарзда корхоналаримиз ва олий ўқув юртларимизда катта қизиқиш уйғотади. Бу йил биз 34 та корхона ва етакчи олийгоҳлардан бири — Урал федерал университетини олиб келдик. Бу бежиз эмас: адашмасам, биргина Екатеринбургдаги УрФУда Ўзбекистондан камида 1200 нафар талаба таҳсил олмоқда. Бизнинг стендимизда асосан юқори технологияли, ўзбек ҳамкорлари билан ҳамкорлик қилишга қизиқиш билдирган 10 та корхона тақдим этилган”, - деди Дмитрий Ионин.

Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистон "Иннопром"да иштирок эта бошлаганидан буён ўзаро товар айирбошлаш деярли икки баравар ошди – бу жиддий ўсиш.

“Бу жараёнга Ўзбекистоннинг фаол ривожланиши ҳам ҳисса қўшмоқда. Шахсан мен учун бу мамлакат аллақачон яқин бўлишга улгурган — хорижга чиқиш паспортимдаги сўнгги саккизта муҳр айнан Ўзбекистонга сафарлар билан боғлиқ. Мен унинг аҳолисининг меҳмондўстлиги ва меҳнатсеварлигига чин дилдан қойил қоламан. Ўзбекистон Свердловск вилояти учун ишончли ҳамкор бўлиб, фаол ташқи савдомиз бўлган бешта давлат қаторига киради”, - дея қайд этди Свердловск вилояти губернатори ўринбосари.

Шунингдек, у туризм ва қишлоқ хўжалигида катта салоҳият мавжуд эканлигини айтди.

“Ўзбекистондан импорт қилинадиган маҳсулотлар – сабзавот ва мевалар ҳажми барқарор ўсиб бормоқда. Бу маҳсулотлар Свердловск вилоятининг барча савдо тармоқларида мавжуд ва уларга талаб юқори, — деди Дмитрий Ионин. Туризмни ривожлантириш учун салоҳият бор. Свердловск вилоятининг кўплаб аҳолиси Ўзбекистонга тез-тез сафар қилади. Биз учун ёқимли томони — Ўзбекистон аҳолиси ҳам дам олиш учун Свердловск вилоятини танлаяпти".

Унинг айтишича, бу, шубҳасиз, ўзаро алоқалар ривожланишига кўмаклашмоқда, жумладан, Тошкент ва Самарқанд ўртасидаги эркин авиақатновлар туфайли. Бошқа қизиқарли йўналишлар ҳам бор, масалан, Бухоро.
"Ўтган йили биз Фарғонада фаол иш олиб бордик, у ерда маҳаллий корхоналар билан бир қатор учрашувлар ўтказдик. Бу йўналиш ҳам жуда талабга эга бўлиб, ривожланишда давом этмоқда. Эсимда, болалигимда онам билан бирга у ерда бўлганман, чунки бу вилоятда қариндошларим яшарди. Ҳатто Комсомол кўлини топган эдик, афсуски, ҳозир у қуриб кетган", — дея қайд этди у.
Ионин қишлоқ хўжалиги ҳақида гапирар экан, Ўзбекистондан импорт қилинаётган сабзавот ва мевалар ҳажми ўсаётганини таъкидлади.

"Бу маҳсулотлар Свердловск вилоятининг барча савдо тармоқларида мавжуд ва катта талабга эга. Маҳсулот оқими ўсмоқда ва бу бизнинг ҳудудларимиз ўртасидаги яқин савдо алоқаларини тасдиқлайди. Бундан ташқари, делегациямиз таркибига кирган корхоналарнинг ярмидан кўпи Ўзбекистонда ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш тажрибасига эга ёки ускуналар етказиб берувчи ҳамкорлар ҳисобланади", - дея қўшимча қилди Ионин.

Маълумот учун, Тошкентда 28-30 апрель кунлари “ИННОПРОМ.Марказий Осиё” кўргазмаси бўлиб ўтади. Кўргазма бешинчи бор энергетика ва металлургия, саноатни автоматлаштириш ва IT-технологиялари, фармацевтика, тиббиёт комплекси ва бошқа турли соҳаларда фаолият юритувчи компаниялар учун ҳамкорлик марказига айланиши кутилмоқда.
Батафсил Sputnik Ўзбекистон видеосида.