Ўзбекистон ва ЕОИИ

МДҲ Иқтисодий кенгашининг 105-мажлиси бўлиб ўтди — имзоланган ҳужжатлар

Тошкентда ўтказилган тадбирда МДҲ вакиллари 10 га яқин ҳужжат имзолашди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 29 апр — Sputnik. Тошкентда Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги (МДҲ) Иқтисодий кенгашининг 105-мажлиси бўлиб ўтди, дея хабар берди Sputnik Ўзбекистон мухбири.
Унда Ҳамдўстлик бош котиби Сергей Лебедев, Ўзбекистон, Озарбайжон, Арманистон, Беларусь, Қирғизистон, Қозоғистон, Россия ва Тожикистон ҳукуматлари вакиллари иштирок этди.
Иштирокчилар Ҳамдўстликка аъзо давлатлар ўртасидаги иқтисодий ҳамкорликнинг кенг кўламли масалаларини кўриб чиқишди. Асосий эътибор МДҲ мамлакатлари ўртасидаги иқтисодий ҳамкорликнинг турли йўналишларига қаратилди.
Имзоланган ҳужжатлар:
2030 йилгача сармоя жалб этиш дастури – Ўзбекистон президентининг МДҲ мамлакатларида инвесторлар учун шароитларни яхшилаш ташаббуси тасдиқланди.
Парвозлар хавфсизлиги ва қулайлигини ошириш мақсадида ҳаво ҳаракатини бошқаришнинг умумий концепцияси келишилди.
Соғлиқни сақлаш соҳасида ҳамкорлик режаси қабул қилинди - касалликларга қарши биргаликда курашиш ва фармацевтикани ривожлантириш.
Ресурслар ва янги технологияларга эътибор қаратган ҳолда енгил саноатни ривожлантириш режаси тасдиқланди.
Радионавигация кенгашининг иш функциялари Россия радиоэлектроника институтига ўтказилди.
Бутунроссия ҳайвонлар дори воситалари сифати маркази ветеринария мутахассисларини тайёрлаш бўйича МДҲнинг асосий ўқув маркази этиб тайинланди.
МДҲга аъзо давлатларнинг аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш соҳасидаги ҳамкорлик концепцияси лойиҳасини тақдим этган Россия соғлиқни сақлаш вазирининг ўринбосари Андрей Плутницкий ҳозир амалда бўлган ҳужжат йигирма йилдан кўпроқ вақт аввал ишлаб чиқилганини таъкидлади.
“Тиббиётни ривожлантиришнинг замонавий тенденциялари ва Ҳамдўстликда амалга оширилаётган ва соғлиқни сақлаш соҳасидаги миллий қонунчиликни уйғунлаштиришга қаратилган ишларни инобатга олган ҳолда концепцияни янгилаш тўғрисида қарор қабул қилинди. Ҳужжат яхшилаб қайта кўриб чиқилган", — деди Плутницкий.
Йиғилишда иштирок этган Россия бош вазири ўринбосари Алексей Оверчук ўз сўзида жаҳон иқтисодиётида бўлиниш ва тариф қарама-қаршилигидан Иттифоқ мамлакатлари учун мумкин бўлган имтиёзлар тўғрисидаги саволга жавоб берди.
“Бу ерда, албатта, ушбу вазиятни баҳолаши ва барча мамлакатларимиз ушбу янги чақириқларга биргаликда жавоб беришлари керак. Шу билан бирга, улар ҳам имкониятларни очиб беради. Чунки бу ҳолат мамлакатларимиз ўртасидаги ўзаро савдони яхшилашга хизмат қилмоқда, биз бу борада бир-биримиз билан янада фаолроқ ҳамкорлик қиламиз”, — деди Алексей Оверчук.
Иқтисодий кенгашнинг навбатдаги йиғилиши жорий йилнинг 18 июль куни Москва шаҳрида бўлиб ўтади.